“Корхонабай” тизими орқали бюджетга 7,6 триллион сўм йўналтирилди
"Корхонабай" ишлаш тизими солиқ маъмуриятчилигида янги ёндашув сифатида ўз самарасини бермоқда. 2026 йил май ойи якунларига кўра, мазкур тизим доирасида давлат бюджетига 7,6 триллион сўм солиқ тушумлари таъминланиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизга кўпдир. Шунингдек, ҚҚС тўловчилари, рентабел корхоналар ва расмий меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари сони ҳам сезиларли даражада ошган.
Мамлакатимизда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, тадбиркорлар билан манзилли ишлаш ҳамда бюджет тушумларини кўпайтириш мақсадида жорий этилган «корхонабай» ишлаш тизими ўзининг амалий самарасини бермоқда. Мазкур тизим доирасида ҳар бир қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчисига алоҳида солиқ инспектори бириктирилган бўлиб, корхоналар фаолияти мунтазам таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, солиқ органлари маълумотлар базасида мавжуд ахборотларни мониторинг қилиш ва таҳлил этишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилган. Бу эса солиқ тўловчилар фаолиятини реал вақт режимида кузатиш, хавф-хатарларни эрта аниқлаш ва солиқ интизомини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил май ойи якунлари мазкур тизимнинг самарадорлигини яна бир бор тасдиқлади. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қатор муҳим иқтисодий кўрсаткичларда ижобий ўсиш қайд этилди. Жумладан, ойлик товар айланмаси 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиқ тўловчилар сони 90,1 мингтани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 11,5 фоизга ошди.
Товар айланмасига нисбатан меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси улуши 5 фоиздан юқори бўлган корхоналар сони 90,9 мингтага етди. Бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизлик ўсишни намоён қилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 80,3 мингта корхонада рентабеллик даражаси 1 фоиздан юқори бўлган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 25,7 фоизга кўп бўлиб, тадбиркорлик субъектлари молиявий барқарорлиги мустаҳкамланаётганини англатади.
ҚҚС тушумлари бўйича ҳам ижобий натижалар кузатилмоқда. Бир ойда 1 миллион сўм ва ундан ортиқ ҚҚС тўлаган солиқ тўловчилар сони 42,8 мингтани ташкил этиб, йиллик ўсиш 10,2 фоиз бўлди.
Товар айланмасига нисбатан ҚҚС улуши 1 фоиздан юқори бўлган корхоналар сони эса 83,3 мингтага етиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 26,3 фоизга ошган.
Энг муҳими, «корхонабай» ишлаш тизими натижасида давлат бюджетига 7,6 триллион сўм солиқ тушумлари таъминланди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизлик ўсиш демакдир. Мазкур рақамларга солиқсиз тушумлар ҳамда бюджет ташкилотлари тўловлари киритилмаган.
Экспертларнинг фикрича, мазкур натижалар фақатгина солиқ назорати кучайтирилганини эмас, балки тадбиркорлар билан ҳамкорлик асосида ишлаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва таҳлилга асосланган ёндашувнинг самарасини ҳам кўрсатади.
Айниқса, ҳар бир ҚҚС тўловчисига масъул инспектор бириктирилиши корхоналарнинг муаммоларини тезкор ҳал қилиш, солиқ қонунчилиги бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда иқтисодиётни рақамлаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар бюджет барқарорлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА