Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир инсонни фаровонликда яшашга қаратилган. Ўзгаришларга камарбаста бўлиш, шукр айтиш ҳаётимизнинг янада кўркам, зиёда бўлиши ўз исботини топган. Хусусан, маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Юртбошимиз томонидан ўртага ташланган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари ҳам маънавий-маърифий тушунчаларни юксалтириш орқали мамлакатимизда адолатли ва фаровон жамиятни мустаҳкамлашга қаратилган. Эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш лозим.
Шу билан бирга, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш эса жамият ривожига улкан ҳисса қўшиши муқаррар. Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш эса ҳозирги давр талабидир.
Бугунги кунда Маънавият ва маърифат маркази, Марказнинг вилоят бошқармалари, туман бўлинмаларида меҳнат қилаётган соҳа ходимлари, ўзини маънавият фидойиси деб билувчи зиёли, жонкуяр юртдошларимиз ташаббуслари таҳсинга лойиқдир. Биргина, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва ҳудудий бўлим ҳамда туман-шаҳар бўлимлари томонидан бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. 17-21 июнь кунлари Республика Маънавият ва маърифат маркази ва ҳудудий бўлим ҳамда туман-шаҳар бўлинмаларининг 250 нафар раҳбар ва ходимлари иштирокида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар оромгоҳи”да “Маърифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар” мавзусидаги ўқув-семинарнинг ташкил этилиши соҳадаги туб ўзгаришлардан дарак беради.
Аниқ режа ва мақсад асосида тузилган ўқув-семинарида соҳанинг ривожи, жамиятнинг равнақига хизмат қилувчи билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда янгича қараш, янги инновацион технология ва имкониятлардан фойдаланиш борасида билимларнинг юқори салоҳиятли мутахассис ва профессорлар томонидан ўргатилиши ўқувнинг самарадорлигини белгилаб беради.
Боболаримизнинг ҳаёт йўли биз учун ибрат ва намуна бўлмоғи керак. Барчамизга маълум, инсон табиатига кўра маънавий иммунитети шаклланмаган омманинг фикран оғишга мойиллиги юқори бўлади. Ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий жиҳатдан халқни эзгуликка чорлаш вазифаси барча даврларда зиёли қатлам зиммасига тушган.
Ўқув семинардан мақсад оғир юкни мардонавор кўтара оладиган зиёли қатламни, яъни жамоани шакллантиришдир. Қолаверса барча саъй-ҳаракатлар замирида бугунидан кўнгли шод, эртасидан умиди катта бўлган, юраги шукроналик туйғуси билан мавжланган, ҳаётидан рози инсонлар сафини кенгайтиришдан иборат. Кўпни кўрган нуронийлар суҳбатида бўлган, ёхуд ўзга юртлардан бахт излаб, пуч хаёлларга эргашган оқибатда надомат ила юртга қайтиб келган, яқинлари, оиласидан айрилган инсонларнинг сўзлари, нигоҳларига боққанда бизга берилган неъматларнинг қадрини юракдан ҳис этади киши. Ана шу тенглаштириб бўлмайдиган маънавий бойликнинг баҳоси фақатгина шукроналик билан ўлчанади.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари
ЎзА