Миллий таом давлат рўйхатидан ўтди
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига хос бўлган миллий таом – жўхори гуртик географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Жўхори қорақалпоқлар ҳаётида муҳим хўжалик ва маданий аҳамиятга эга бўлган анъанавий экинлардан бири ҳисобланади. У қорақалпоқларнинг кундалик овқатланишда ҳам муҳим ўрин эгаллаган. Унинг асосида тайёрланган жўхори гуртик таоми тўйимли бўлиб, айниқса, қиш мавсумида асосий озиқ-овқат вазифасини бажарган.
XIX–XX аср бошларида буғдой ва гуруч етишмаган даврларда жўхори аҳолининг асосий дон экинига айланган. Маданий жиҳатдан жўхори гуртик қорақалпоқларнинг анъанавий овқатланиш маданиятини акс эттиради. У нафақат кундалик таом, балки меҳмон кутишда ҳам тортилган. Жўхори гуртик қорақалпоқларнинг табиий шароитга мослашган турмуш тарзи, деҳқончилик тажрибаси ва миллий ошхонасининг муҳим элементларидан бири бўлиб бутун Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида тайёрланади.
Ушбу миллий таомни тайёрлашда гўшт (мол, товуқ гўшти бўлиши мумкин), сабзи, картошка, пиёз, жўхори уни каби асосий маҳсулотлардан фойдаланилади. Шунингдек, географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши жўхори гуртик таомининг номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади. Унинг сифат стандартларини мустаҳкамлайди ва Қорақалпоғистоннинг ҳудудий гастрономик бренди сифатида тарғиб қилиш имкониятини кенгайтиради.
Таъкидлаш жоизки, географик кўрсаткич - маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублигини билдирувчи ва шу ҳудуднинг табиий-иқлимий ҳамда ижтимоий-маданий омилларига боғлиқ алоҳида сифат ва нуфузни кафолатловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
Шу боис қорақалпоқ халқининг миллий таоми – жўхори гуртик таоми географик кўрсаткич сифатида 2026 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА