Миллий табиат боғи ҳудудида биотехник тадбирлар ўтказилмоқда
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги Марказий Қизилқум миллий табиат боғи ходимлари томонидан чўл ҳудудида ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабли табиатдаги ёввойи ҳайвон ва қушларни озиқлантириш мақсадида сунъий озуқа майдончалари яратилиб, озуқа сифатида ем-хашак маҳсулотлари қўйиб чиқилмоқда.
Марказий Қизилқум миллий табиат боғи юртимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш, экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб ҳамда йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш ва уларни қайта тиклаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йилнинг 16 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган.



– Миллий табиат боғининг умумий майдони 1,2 миллион гектар бўлиб, қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналаридан иборат, – дейди “Марказий Қизилқум” миллий табиат боғи директори Жалолиддин Маманазаров. – Ҳайвонот олами популяцияси ва популяция динамикасини аниқлаш мақсадида ҳар йили мавсумий – баҳор ва куз ойларида мониторинг ишлари олиб борилади. Бугунги кунда Миллий табиат боғида сут эмизувчиларнинг 19 тури, қушларнинг 33 тури, судралиб юрувчиларнинг эса 9 тури учрайди. Судралиб юрувчиларнинг 3 та, қушларнинг 20 та ва сут эмизувчиларнинг 9 та тури “Қизил китоб”га киритилган.
Миллий табиат боғида биотехник тадбирлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири