“Миллий саноат занжири” – маҳаллий ишлаб чиқариш ва давлат буюртмалари ўртасидаги мустаҳкам кўприк
Бугунги кунда мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, транспорт каби стратегик тармоқда ички ишлаб чиқариш салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, маҳаллий корхоналарни йирик давлат буюртмалари билан боғлаш ва янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Ана шу мақсадлар йўлида ташкил этилаётган “Миллий саноат занжири” кўргазмалари давлат ва хусусий сектор ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган самарали майдонга айланмоқда.

Жорий йилнинг 15–16 июль кунлари Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Sof Expo” кўргазма марказида транспорт соҳасига бағишланган “Миллий саноат занжири” кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбир Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Транспорт вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, транспорт соҳасининг йирик давлат буюртмачилари ҳамда тармоқ корхоналари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазманинг бош мақсади транспорт тармоғида маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан йирик давлат буюртмачилари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Мазкур йирик саноат майдонида транспорт соҳасининг 5 та йирик тармоқ корхонаси, 80 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳамда 2 мингдан зиёд маҳсулот намойиш этилди. Кўргазмада темир йўл, фуқаро авиацияси, автомобиль йўллари, шаҳар транспорти ва логистика йўналишлари бўйича замонавий маҳсулотлар, бутловчи қисмлар, юқори технологик ишланмалар, инновацион ечимлар, илмий лойиҳалар ва истиқболли ишлаб чиқариш ташаббуслари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Икки кун давом этган тадбирда 1 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Кўргазманинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда транспорт тармоғининг йирик буюртмачилари ўзларининг жорий ва истиқболдаги харид эҳтиёжлари, 2026 йил ва ундан кейинги даврларга мўлжалланган харид режалари, маҳсулотларга қўйиладиган техник талаблар, сифат мезонлари ҳамда йиллик эҳтиёж ҳажми ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.

Бу эса маҳаллий тадбиркорларга бозор талабини чуқур ўрганиш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини белгилаш ва ўз маҳсулотларини йирик буюртмачилар эҳтиёжига мослаштириш имконини яратди. Кўргазмада бугунги кунда импорт қилинаётган, маҳаллийлаштирилган ҳамда келгусида мамлакатимизда ишлаб чиқариш тавсия этилаётган маҳсулотлар алоҳида йўналишлар бўйича намойиш қилинди. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нафақат мавжуд эҳтиёжларни кўриш, балки истиқболдаги ишлаб чиқариш лойиҳаларини шакллантириш учун ҳам муҳим ахборот ва амалий тавсияларга эга бўлди.

Тадбирда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти, "Uzbekistan Airways" акциядорлик жамияти, "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамияти, "Тошкент метрополитени" акциядорлик жамияти, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда транспорт инфратузилмаси ва давлат харидлари билан боғлиқ бошқа ташкилотлар ўз стендлари билан иштирок этди. Маҳаллий корхоналар эса ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, эҳтиёт қисмлари, бутловчи буюмлари ва импорт ўрнини босувчи технологик ечимларини йирик буюртмачиларга бевосита тақдим этиш имкониятига эга бўлди.

Кўргазма доирасида 30 та B2B ва 20 та B2G учрашувлари ташкил этилди. Ушбу мулоқотларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, йирик давлат буюртмачилари, тижорат банклари, илмий ва таълим муассасалари ҳамда инвесторлар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш, янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, кафолатли харид ва offtake шартномаларини тузиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида 90 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Кўргазмада транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, транзит йўлакларини кенгайтириш, мамлакат транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда ушбу жараёнларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳам намойиш этилди.
Шу билан бирга, олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва стартап жамоалари томонидан транспорт соҳасига оид инновацион ишланмалар, замонавий технологиялар ҳамда илмий ечимлар тақдим этилди. Муҳандис-техник мутахассисларни тайёрлаш, дуал таълимни ривожлантириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда Р&Д марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар учун корхоналар ва маҳсулотлар ҳақида тезкор маълумот олиш имконини берувчи интерактив ечимлар ҳам жорий этилди. Шунингдек, махсус кўргазма каталоги орқали тармоқ корхоналари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда улар тақдим этаётган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Кўргазманинг энг муҳим натижаларидан бири унинг амалий самарадорлигида намоён бўлди.
Тадбир якунларига кўра, давлат харидлари доирасида 10 мингдан ортиқ шартномалар имзоланиб, уларнинг умумий қиймати 714 миллиард сўмни ташкил этди. Ушбу келишувлар транспорт тармоғида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш, маҳаллий контент улушини ошириш ҳамда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун муҳим иқтисодий асос бўлиб хизмат қилади.
“Миллий саноат занжири” кўргазмаси транспорт саноати учун оддий маҳсулотлар намойиши эмас, балки давлат буюртмачилари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар, илмий муассасалар ва молия институтларини ягона платформада бирлаштирган йирик саноат мулоқоти бўлди.
Энг муҳими, мазкур тадбир маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини намоён этиш, янги кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жадаллаштириш ҳамда давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Кўргазма якунида ўзининг инновацион ёндашуви, илғор технологик ечимлари ҳамда саноат кооперациясини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси билан ажралиб турган иштирокчилар тантанали равишда тақдирланди. Ғолиблар “Энг яхши инновацион стенд”, “Энг истиқболли инновацион стартап”, “Энг истиқболли транспорт лойиҳаси”, “Импорт ўрнини босувчи энг яхши лойиҳа” ҳамда “Энг самарали саноат занжири лойиҳаси” номинациялари бўйича эътироф этилди.

Эришилган натижалар шуни кўрсатадики, “Миллий саноат занжири” кўргазмаси нафақат бугунги эҳтиёжларга жавоб берадиган, балки транспорт тармоғининг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини қўллаб-қувватлайдиган самарали платформа сифатида ўзини тўлиқ оқлади. Келгусида бундай кўргазмалар маҳаллий саноатни ривожлантириш, инновацион ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва мамлакат иқтисодиётида маҳаллий контент улушини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
М.Руйиддинова,
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги
ахборот хизмати мутахассиси