Миллий қадриятлар ва маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги ўрни
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Миллий қадриятлар ва маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги ўрни” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Тадбирда бугунги кунда жамиятда пайдо бўлиши мумкин бўлган маънавий бўшлиқларни тўлдириш учун олиб бориладиган тадқиқотларни кучайтириш лозимлиги, бу каби илмий конференциялар шу жиҳатдан амалий аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов мамлакатимизда кечаётган маънавий жараёнлар режали ва истиқболли эканини эътироф этди. Миллий қадриятлар ва маънавий меросни ёшларга сингдириш, миллий ўзлик туйғусини пайдо қилиш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш учун маънавият соҳасидаги илмий тадқиқотлар долзарб аҳамиятга эга экани, бу мавзудаги тадқиқотларнинг амалиётга татбиқ этилиши анжуманнинг асосий ютуғи бўлиши таъкидланди.
Мазкур илмий-амалий анжуман миллий қадриятларнинг тарихий ва фалсафий илдизлари, маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги аҳамияти, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш асосида миллий ўзликни юксалтириш, миллий қадриятларга асосланган тараққиёт омиллари, маънавий мерос тарғиботининг методологик асослари каби илмий муаммолар таҳлилига бағишланди.
[gallery-20463]
Конференцияда миллий контентда қадриятларни тарғиб қилиш масалалари муҳокама этилди. Конференция шўъбалари ушбу илмий муаммоларга алоқадор 6 та йўналишда танланган.
Анжуман маърузачилари томонидан қўйилган муаммолар ва таклиф этилган ечимлар, миллий қадриятларни турли жабҳаларда тарғиб этиш бўйича тажриба алмашинувлар, назарий хулосалар билан амалиётни уйғунлаштириш бўйича таклифлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Хусусан, анжуманда тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Мавруловнинг “Ахлоқсизлик – “янги ахлоқ”ми?”, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраевнинг “Ўзгараётган дунёда миллий қадриятлар ва ўзликни асраш муаммолари”, педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурманованинг “Ёшларни гендер тенглик асосида оилавий ҳаётга тайёрлашда миллий қадриятлардан инновацион фойдаланиш механизми”, фалсафа фанлари доктори, профессор Исмоил Саифназаровнинг “Талаба ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда инновацион ўқув лойиҳаларнинг ўрни” ва бошқа мавзуга оид маърузалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
– Бугунги анжуманга шу мавзуда сўзлашга маънавий ҳаққи бор инсонларни таклиф этдик, – деди фалсафа фанлари доктори, навоийшунос олим, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов. – Бу эса конференция ишининг натижадор бўлишини таъминлашда, иштирокчилар ўзлари учун фойдали маълумотларга эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этади.
– Ёшларни оилага тайёрлашда уларга миллий қадриятларнинг аҳамиятини тўғри тушунтириш зарур, – деди Республика “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Ойниса Мусурмонова. – Бу борада таълим ва таълимдан кейинги, мустақил изланиш жараёнида ёшларга миллий қадриятларнинг моҳиятини кенгроқ тушунтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда мавжуд бўлган ўн мингдан ортиқ маҳаллада “Оқила аёллар” ҳаракати вакиллари томонидан қадриятларимизнинг мазмуни ёшларга тушунтириб борилмоқда.
– Сунъий интеллект, рақамлаштириш каби жиҳатлар бугунги глобаллашув даврининг ижобий томонлари бўлса, ахлоқий-маънавий таназзул, “оммавий маданият” унинг салбий томонларини акс эттиради, – деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори Исмоил Саифназаров. – Бизнинг университетда ташкил этилган “Менинг оилам – менинг бахтим” номли лойиҳада ҳар бир талаба ўз оиласи, ота-онаси, аждодлари тўғрисида тақдимот қилиши керак бўлади. Бу лойиҳада талабаларнинг ўзлари катта қизиқиш билан иштирок этади.
Анжуманнинг мунозаралар қисми қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА