Миллий ўзлик ва маънавий мерос ифодаси
Она тили миллатнинг маънавий қиёфаси, миллий ўзлиги ва асрлар давомида шаклланган қадриятларини ўзида мужассам этган бебаҳо бойлик. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг нуфузини юксалтириш ҳамда кундалик фаолиятда тўғри қўлланилишини таъминлаш шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади.
Айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасида 21 октябрь - Ўзбек тили байрами кунига бағишланган “Она тилим - жону дилим” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Қўмита раиси ўринбосари Сардорбек Ёқуббеков, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, техника фанлари доктори, профессор Борий Алихонов ва бошқалар сўзга чиқиб, она тилининг миллий ўзликни англашдаги ўрни, давлат тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, унинг нуфузини ошириш ва расмий иш юритишдаги қўлланилишини кенгайтириш масалаларига тўхталди.
Айтиш жоизки, она тили миллатнинг тарихи, маданияти ва маънавий қадриятларини авлоддан авлодга етказувчи муҳим восита. У халқнинг миллий ўзлиги, дунёқараши ва тафаккурини намоён этади. Шу боис она тилини асраб-авайлаш, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, адабий тил меъёрларига риоя қилиш ва ёш авлодда тилга ҳурмат туйғусини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Қўмита раисининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Анвар Яшнарбеков таъкидлаганидек, она тилимиз миллий ўзлигимиз ва маънавий қадриятларимизнинг муҳим ифодасидир.
–Шу боис давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг софлигини сақлаш, адабий тил меъёрларига риоя қилиш ва ўзбек тилидан расмий иш юритишда тўғри фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қўмитамизда ҳам давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига амал қилиш, ҳужжатларни давлат тилида саводли расмийлаштириш, ходимларнинг ёзма ва оғзаки нутқ маданиятини юксалтириш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бу каби маърифий тадбирлар, жумладан, умуммиллий диктант ташкил этилиши ходимларнинг саводхонлигини ошириш, имло қоидаларини мустаҳкамлаш ва она тилимизга бўлган ҳурматни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади, – деди у.
Тадбир доирасида давлат тилининг ҳуқуқий асослари, қонунчилик талабларига риоя этиш, шунингдек, ўзбек тилидан давлат бошқаруви ва расмий иш юритиш жараёнларида фойдаланишни такомиллаштириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.
Шунингдек, профессор Борий Алихоновнинг “Глобал ўзгаришлар жараёнида Ўзбекистонда экологик, энергетик ва саноат хавфсизлигини таъминлаш” номли китоби тақдимоти ўтказилди. Унда асарнинг мазмун-моҳияти, кўтарилган масалалар ҳамда экологик, энергетик ва саноат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб жиҳатлари ҳақида фикр алмашилди.
Дастур доирасида қўмита ходимлари ўртасида “Умуммиллий диктант” лойиҳаси ҳам ўтказилди. Мазкур ташаббус ходимларнинг саводхонлигини ошириш, имло қоидаларига риоя этиш ва ёзма нутқ маданиятини ривожлантиришга қаратилди.
Тадбир якунида давлат тилини ривожлантириш, уни кундалик фаолият ва расмий иш юритишда тўғри қўллаш, ўзбек тилининг жамиятдаги нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳар бир ходимнинг муҳим вазифаси экани қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА