Миллий масс-медиа тараққиёт йўлида
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унга масс-медиа соҳасининг барча йўналишларида меҳнат қилаётган журналистлар, блогерлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Хўжаев ва бошқалар журналистларга бугунги эътибор мисли кўрилмаган миқёсда эканини таъкидлади. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига табригида таъкидланганидек, миллий журналистика ривожи учун кенг қамровли имкониятлар яратилиб берилмоқда.
Президентимизнинг табригида таъкидланганидек, бугунги кунда барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бормоқда. Бундай ёндашув Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан биридир.
Миллий матбуотимиз жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни дадил олиб чиқмоқда. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг "Ишонч"–"Доверие" газеталари кўп нусхада босилаётган ва самарали фаолият кўрсатаётган нашрлардан бири саналади.
Тантанали тадбирда устоз журналистлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ижодкорлари, техник ходимлари, муҳаррирлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА