Миллий маданий марказлар фаолияти эътиборда
Жиззах вилоятида ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳокимлиги, Жиззахда фаолият юритаётган 6 та миллий маданий марказ раҳбарлари, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – вилоят ҳокимининг матбуот котиби Акмал Биноқулов олиб борди.
Вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Нурали Раимовнинг шу мавзудаги ахборотини катта қизиқиш билан тинглади.

Айни пайтда Жиззах вилоятида 6 та (қирғиз, тожик, қозоқ, рус, татар ва корейс) миллий маданий марказлари вилоят адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, ушбу марказлар Жиззах шаҳрининг Ислом Каримов шоҳ кўчасида жойлашган “Дўстлик уйи”да барча қулай шарт-шароитларга эга хоналарда фаолият кўрсатмоқда.

– Вилоятда миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ушбу марказлар ҳисоб рақамларига 40 миллион сўмдан зиёд маблағ ўтказиб берилди, – дейди Нурали Раимов. – Шунингдек, моддий-техника воситалари ва ойлик иш ҳақи билан таъминланди ҳамда “Дўстлик уйи”да фаолият юритаётган марказ вакиллари учун вилоят ҳокими “Дамас” русумли автомошина ажратди.

– Кейинги 5-6 йил давомида миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида 50 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати ва Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан 40 га яқин қарор қабул қилинди, – дейди вилоятда фаолият олиб бораётган тожик миллий маданий маркази раҳбари Абдукарим Шарипов. – Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, шу жумладан, жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини оширишга қаратилганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Ҳукумат томонидан қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик фақатгина миллатлар ўртасидаги муносабатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари