Миллий ҳунармандчилик намуналари Малайзияда намойиш этилмоқда
Шу кунларда Малайзиянинг Саравак штати Кучинг шаҳрида «Borneo Craft Global 2.0 Expo & Conference» (BCG 2.0) халқаро ҳунармандчилик фестивали ва конференцияси бўлиб ўтмоқда. Ушбу йирик халқаро тадбирда мамлакатимиз вакиллари ҳам ўзларининг миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва тақдимотлари билан иштирок этмоқда.
Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Хитой, Франция, Италия, АҚШ, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан 200 дан зиёд маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар ҳамда 30 га яқин халқаро экспертлар қатнашаётган фестивалда ҳунармандлар ва тадбиркорларга нафақат ўз маҳсулотларини намойиш этиш, балки хорижий харидорлар ва ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри тижорий шартномалар тузиш имконияти яратилди.

Ўзбекистонлик усталар халқаро павильонда миллий амалий санъат намуналарини намойиш этиш билан бирга, халқаро конференция ва маҳорат дарсларида ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.

Хусусан, «ҲУНАРМАНД (Uzbekistan)» ёрлиғи остида ташкил этилган махсус павильонлар фестиваль меҳмонлари ва хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда халқимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва нозик амалий санъат намуналари халқаро майдонда муносиб намойиш этилмоқда.

Беш кунлик дастурдан ҳунармандчилик ярмаркаси, жонли маҳорат дарслари, халқаро симпозиум, миллий либослар намойиши ҳамда «AHPADA» халқаро мукофотини топшириш маросими ўрин олган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА