Янги Ўзбекистонда гендер тенглиги: ислоҳотлар, тажриба ва истиқболлар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан «Янги Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш: ислоҳотлар динамикаси, миллий тажриба ва истиқболли йўналишлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияда гендер тенглигини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирда давлат органлари вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, халқаро ташкилотлар мутахассислари ҳамда соҳа экспертлари иштирок этиб, ўз тажриба ва таклифлари билан ўртоқлашди.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева ва бошқалар Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Мулоқотлар давомида гендер тенглиги фақат ҳуқуқий меъёрлар билан чекланиб қолмаслиги, балки ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида, таълим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ва жамият бошқарувида иштирок этиш имкониятларида намоён бўлиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция доирасида иштирокчилар тўртта шўъба йўналиши бўйича фикр алмашди.
Биринчи шўъба «Гендер тенглигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, институционал механизмлар ва амалий натижалар» мавзусига бағишланди. Унда миллий қонунчиликнинг такомиллашуви, давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, гендер тенглигини таъминлашга масъул институтлар фаолияти ва амалга оширилган ислоҳотларнинг амалий натижалари таҳлил қилинди.
Иккинчи шўъбада «Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш: аёллар миграцияси, бандлик, тадбиркорлик ва рақамли имкониятлар» мавзуси муҳокама марказида бўлди. Хусусан, аёлларнинг муносиб иш ўринларига эга бўлиши, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ ҳудудлари ва аграр соҳада хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш масалалари юзасидан фикрлар билдирилди.
Тадбир давомида миллий ва хорижий тажрибалар қиёсий таҳлил қилиниб, гендер тенглигини таъминлашда илм-фан ва амалиёт ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашда илмий тадқиқотлар натижалари, амалий тажриба ва халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини эътироф этди.
Конференция якунида гендер тенглигини таъминлаш соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини янада ошириш, гендер стереотипларини камайтириш ҳамда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси ижросини самарали ташкил этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, конференция материалларини жамлаган илмий мақолалар ва маърузалар тўпламини электрон шаклда нашр этиш белгиланди.
Мазкур конференция гендер тенглигини таъминлаш масаласида турли соҳа вакилларини бир майдонда бирлаштириб, илмий мулоқот, тажриба алмашиш ва амалий таклифларни шакллантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири