Миллий ғурур, тарихий хотира ва юксак маънавият намунаси
Юртимизда ёш авлодни ватанпарварлик, мардлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, Қуролли Кучлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ҳарбий қисмларда ташкил этилаётган тантанали қасамёд маросимлари алоҳида аҳамият касб этади.
Ана шундай кўтаринки руҳдаги тадбир Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Бухоро гарнизонидаги ҳарбий қисмда бўлиб ўтди. Унда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскарлар Ватанга садоқат қасамёдини қабул қилди.

Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий пенсионерлар, амалдаги ҳарбий хизматчилар, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари, яқинлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Бу эса мазкур тадбирнинг нафақат ҳарбийлар, балки бутун жамият ҳаётида муҳим ўрин тутишини яна бир бор намоён этди.

Бухоро вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов ёш аскарларни ва уларнинг оила аъзоларини самимий муборакбод этди. У мамлакатимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашдек шарафли вазифани зиммасига олган йигитларга улкан ишонч билдириб, уларга муваффақият тилади.

Кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида ҳарбий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ҳарбий қисм ва муассасалар фаолияти замон талаблари асосида такомиллаштирилди, қўшинлар замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланди. Шу билан бирга, ҳарбий соҳада рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда.

Энг муҳими, жорий йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматчилар хизмат билан бир вақтнинг ўзида қўшимча касб-ҳунар эгаллаш, хорижий тилларни ўрганиш, илғор ахборот технологияларини ўзлаштириш ҳамда олий таълим муассасаларига киришга тайёрланиш имкониятига эга бўлмоқда.

Тадбирда ёш аскарлар Ўзбекистон халқи ва Президентига садоқатли бўлишга, Конституцияда белгиланган бурч ва мажбуриятларни виждонан бажаришга, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тантанали равишда қасамёд қилди. Улар учун бу кун ҳаётларида унутилмас ва масъулиятли сана сифатида муҳрланди.

– Барча сафдошларим қатори мен ҳам қасамёд қилдим. Бу кун ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлди. Ҳарбий ҳаёт инсонни чиниқтиради, масъулиятли қилади, иродасини мустаҳкамлайди. Бу ерда биз учун ўқиш, ўрганиш ва хизмат қилиш учун барча имкониятлар яратилган. Мен ана шу ишончга муносиб бўлиб, юртимиз олдидаги бурчимни сидқидилдан бажараман, – деди сурхондарёликоддий аскар Жавоҳир Зиёев.

Тадбир якунида муддатли ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Президентининг совғаси сифатида соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” ҳамда “Ўзбекистон тарихи” китоблари тантанали равишда топширилди. Бу китоблар ёшлар қалбида миллий ғурур, тарихий хотира ва юксак маънавиятни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.