Мебелсозлик соҳасидаги энг сўнгги ечимлар намойиш этилади
Эртага, 28 апрель куни “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Ишлаб чиқариш технологиялари. Ёғочсозлик. Мебель ва бутловчи қисмлар - WoodTech & MebelExpo Uzbekistan-2026” 22-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлайди.
13 мамлакатдан 127 та компания иштироки кутилаётган ушбу кўргазма ёғочсозлик, мебель саноати, бутловчи қисмлар ва интерьер дизайни учун технологик ечимлар соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ҳамда мутахассисларни бир майдонга жамлайди.
Кўргазма доирасида энг замонавий ёғочга ишлов бериш дастгоҳлари, ускуна ва асбоблар, мебель ишлаб чиқариш учун материаллар, хомашё ва бутловчи қисмлар, шунингдек, уй ва офис интерьерлари учун тайёр мебель намуналари намойиш этилади.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг таъкидлашича, бу йилги кўргазмада мебель кимёвий моддалари сектори ҳам алоҳида бўлим сифатида кенг ёритилади. Унда елимлар, лаклар ва бўёқлар ёрқин ҳамда замонавий форматда намойиш этилади.
– Ёғочга ишлов бериш ускуналари, машиналари ва асбоблари дилерлари ҳамда дистрибьюторлари соҳадаги энг сўнгги технологик ишланмаларни тақдим этади. Кўргазмада маҳаллий ва халқаро ишлаб чиқарувчилар томонидан намойиш этиладиган мебеллар ҳар қандай интерьерни уйғун тўлдириб, уй ва офисларда шинам ҳамда қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, мазкур тадбир саноат мутахассислари ўртасида самарали мулоқотни ривожлантириш, маҳаллий мебель ишлаб чиқарувчи корхоналарни жаҳоннинг етакчи компаниялари маҳсулотлари билан жиҳозлаш ва модернизация қилиш, талаб юқори бўлган хомашё ҳамда материаллар билан таъминлаш имконини беради. Бу эса мебель маҳсулотлари сифати, экологик тозалиги ва турларини ошириш, шунингдек, уларнинг ички ва халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтиради, – деди Н.Ҳасанова.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА