Миллий архив шонли тарихимизнинг намунасидир
Ўзбекистон Миллий архивида «Ўзархив» агентлиги тизимида амалга оширилган ишлар» мавзуида Пресс-тур бўлиб ўтди.
Тарих фанининг ривожланиши «инсон хотирасини сақловчи даргоҳ»лар, яъни ўзига хос вазифани бажарадиган махсус муассасалар – архивлар, кутубхоналар ва музейлар фаолияти билан бевосита боғлиқдир.
Тадбирда «Ўзархив» агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев, Ўзбекистон Миллий архив директори Дилбар Зокировалар томонидан Пресс-тур иштирокчиларига Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган архив ҳужжатлари, уларни реставрация қилиш ҳамда рақамлаштириш учун олиб борилаётган амалий ишлар ва сақланиши учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, архив ишини самарали ташкил этиш масалаларини ҳал этишни таъминлаш мақсадида бир қатор мақсадли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Архивларга давлат хизматларининг сифати ва самарадорлигини оширишга, юридик ва жисмоний шахсларнинг архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ахборотни олиш ва тарқатишда, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Ҳозирда юртимизда 8,4 миллион сақлов бирлигида миллий архив фонди ҳужжатлари мавжуд. «Ўзархив» агентлиги тизимида 3 та Ўзбекистон Миллий архивлари, 14 та архив иши ҳудудий бошқармаси ва улар тизимида 101 та вилоят, шаҳар, туман давлат архивлари, шунингдек, 122 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, «Ўзархив» агентлиги ҳузуридаги Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази иши йўлга қўйилган бўлиб, шу кунга жами 2 минг 200 дан зиёд ташкилотлар архивчи ва иш юритувчи ходимлар малакаси оширилди.

Ҳозирда архив соҳасида бир қатор архив хизматларини масофадан интернет орқали электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда архивларга ташриф буюрмасдан жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали электрон шаклда фойдаланиш мумкин. Иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш, Олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш, Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш, Мавзули сўровларни ижро этиш хизматлари шулар жумласидандир.
Пресс-тур якунида Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги, Фанлар Академияси Тарих институти ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ўртасида «Ҳамкорлик меморандуми» имзоланди. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов, Фанлар Академияси Тарих институти директори Азамат Зиё ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси директори Шерзод Қудратхўжа мазкур ҳужжатни уч томонлама имзоладилар.
Гулноза Бобоева, ЎзА