Миллий адабиётимиз фидойисига эҳтиром рамзи
Миллий адабиётимиз серқирралиги, рангинлиги, турфа жозибага эга экани билан аҳамиятлидир. Бу эса сўз санъати ривожига улкан ҳисса қўшган устоз адиб ва шоирлар ижоди билан бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, шоир ва драматург Рамз Бобожон таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан адиб яшаб, ижод қилган уйга ўрнатилган Хотира барельефининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан пойтахтимизнинг Миробод тумани Бешчинор кўчасидаги 34-уйда бўлиб ўтган тадбирга ёзувчи ва шоирлар, талаба-ёшлар, адабиёт мухлислари, Рамз Бобожоннинг яқинлари ва қадрдонлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори Сувон Мели, Рамз Бобожоннинг қизи Камола Бобожонова ва бошқалар мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий адабиётимизни равнақ топтириш борасидаги эзгу ташаббуслар тобора кенг қулоч ёзаётганини таъкидлади. Айни ташаббус юртимизда устоз шоир ва ёзувчилар меросини муаммал ўрганишда, адабиётимизнинг бор гўзаллиги, яқин тарихи, унинг фидойилари ижодини кенгроқ тадқиқ этиш, оммалаштиришда, маънавий ҳаётимизда миллий адабиётимизнинг, китобларнинг ўрни ва аҳамиятини тобора кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон халқ шоири, таниқли драматург ва таржимон Рамз Бобожон 1921 йил Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топган. Дастлаб Таълим ва тарбия билим юртида, сўнгра Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Низомий номидаги Педагогика университети)нинг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини ёшлар газетасида бошлаган ижодкор кейинчалик Радиоэшиттиришлар қўмитасида муҳаррир, Адабиёт ва санъат нашриётида директор бўлиб ишлади. Кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, “Ватан” жамияти раҳбари лавозимида хизмат қилди.
Адабиётшунослар фикрича, Рамз Бобожон сермазмун, баракали ижод йўлини босиб ўтди. Шоирнинг илк тўплами 1939 йили нашр этилган. Қарийб ярим асрлик ижодий фаолияти давомида Рамз Бобожоннинг ўттизга яқин шеърий китоблари, жумладан, “Ҳадя”, “Олтин камалак”, “Водий бўйлаб”, “Севги сирлари”, “Сенга, севгилим”, “Биринчи парвоз”, “Муҳаббатга таъзим”, “Сенинг меҳринг” сингари мажмуалари, “Сайланма асарлари” адабиёт мухлисларига тақдим этилди.
Замонавий ўзбек достончилигида Рамз Бобожон қаламига мансуб “Оби ҳаёт” асарининг алоҳида ўрни бор. Бу достонда атоқли шоир халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, дўстлик туйғусини улуғлаган. Унинг шеър ва достонлари бир қатор хорижий тилларга таржима қилиниб, чоп этилган.
[gallery-4271]
Рамз Бобожон драматург сифатида ҳам фаол ижод қилди. Унинг “Тоға ва жиянлар” комедияси, “Юсуф ва Зулайҳо” драмаси томошабинларнинг қизғин эътирофига сазовор бўлиб, театр санъатимиз тарихида ўзига хос ўрин тутади.
У жаҳон адабиётининг мумтоз намуналарини, жумладан, Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Твардовский, Тихонов сингари рус шоирларининг шеър ва достонларини, Ибсен, Михалков, Ҳазрий драмаларини она тилимизга маҳорат билан таржима қилди.
Рамз Бобожон мустақиллик йилларида ҳозиржавоб публицист сифатида ўзининг бадиа ва мақолалари билан истиқлолимизни тараннум этишга муносиб ҳисса қўшди.
Рамз Бобожоннинг ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги катта хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
Рамз Бобожон хонадонида ўрнатилган Хотира барельефи Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, моҳир ҳайкалтарош Жонибек Ҳотамов томонидан яратилган.
Назокат Усмонова, ЎзА