“Миллионлар ўйини” ривожланишнинг янги босқичида
Бугун мамлакатимизда барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, кенг аҳоли қатлами орасида спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, салоҳиятли, ўз кучига ишонган иқтидорли ёшларни тарбиялаш, уларга муносиб шарт-шароит яратиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани ва бу борада етарлича маблағлар ажратилаётгани айни ҳақиқат.
Юртимизда “миллионлар ўйини” ишқибозлари ва футбол билан бевосита шуғулланувчи ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда футбол спорт турини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур эътибор самараси ўлароқ ёшларимиз қитъа чемпионатида бир неча зафар қучиб, совринли ўринларни эгаллади.
Мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш, тренер ва ҳакамларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш ва маҳоратини юксалтириш, футбол инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ўрнатилган стандартларга мослаштириш мақсадида жорий йил 7 апрель куни давлатимиз раҳбарининг “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унда футболни янада оммалаштириш ва ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, ёшларнинг футболга қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг футбол билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш, аёллар ўртасида футболни ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режа ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг футбол билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда улар ўртасида мунтазам мусобақалар ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади.
Шу билан бирга, терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, футбол бўйича малакали тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳам асосий вазифалардан.
Яна бир муҳим жиҳат, ҳар йили сентябрь-май ойларида олий таълим муассасаларида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Талабалар лигаси” дастури доирасида уч босқичли республика футбол мусобақалари ўтказилади. Бу эса талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларнинг футболга қизиқишларини оширишга хизмат қилади.
Қарорда профессионал ва оммавий футболни қўллаб-қувватлашга аҳамият қаратилган. Мамлакатимиздаги таълим муассасаларида футбол мусобақаларини мунтазам равишда ташкил этиш, шу орқали таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Шаҳар ва туманларда камида биттадан ҳаваскор футбол жамоалари тузилиши ва мунтазам равишда мусобақаларда иштирок этиши мамлакатимиз аҳолисини оммавий спортга – футболга қамраб олиш борасида ташланган катта қадам бўлди.
Хусусий футбол ташкилотлари Ўзбекистон Футбол ассоциациясига аъзо бўлишини йўлган қўйиш уларда шуғулланаётган ёшларни назорат қилиш ва мамлакатимиз футболига захира яратишга имкон яратади. Шуғулланувчилар натижаларини рақамлаштириш турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун етук футболчиларни тайёрлаш тизимини осонлаштиради.
Давлат олий таълим муассасаларида футбол секцияларини мунтазам йўлга қўйиш ва уларнинг футбол билан шуғулланишига яратилган шароитларга қараб рейтинги баҳоланиши аввалгидек фақат дарсдан ташқари машғулотлар (факулътатив) учун эмас, ташкилот раҳбарлари учун ҳам долзарблигини оширади.
Сўнгги 5 йилда футбол спорт тури бўйича чиқарилган фармон ва қарорлар ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида футболчиларни тайёрлашга оид 20 га яқин диссертация ҳимоя қилинди. Ушбу илмий ишлар натижалари амалиётга татбиқ қилиниб, бугунги кунда амалдаги футболчиларни тайёрлаш методикаси ушбу мезонлар асосида қўлланилмоқда.
Бироқ ҳали футбол соҳасидаги қатор муаммоларнинг мавжудлиги ва уни баратараф этишга оид чора-тадбирларнинг тўлиқ мазмуни янги қарорда алоҳида кўрсатилди. Жумладан “Футбол таҳлилчиси”, “Футбол селекционери”, “Футбол менежери”, “Футбол маркетологи”, “Футбол шифокори”, “Футбол психологи”, “Спорт фармакологи”, “Спорт диетологи” каби мутахасисларни тайёрлаш жараёнини ташкил этишга оид илмий-услубий адабиётларни тайёрлаш ва нашр эттириш вазифаси устувор ҳисобланади.
Миллий ва хорижий мутахассисларни университетга жалб қилиш ва улар иштирокида семинар ва маърузаларни ташкил этиш орқали бўлажак мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини янада такомиллаштириб бориш ҳам мазкур қарорнинг мазмунига сингдирилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Футбол факультети ва Футбол назарияси ва услубияти кафедраси бошчилигида футболи ривожланган етакчи мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида илмий конференциялар ташкил этиш лозим бўлади.
Бунда хорижий олимлар кўламини кенгайтиришга эътибор берган ҳолда футболчиларни тайёрлаш методологиясининг асосий йўналишини ёритувчи йўналишларни белгилаш муҳим. Бу жараённинг муҳимлиги шундаки, қарорнинг энг асосий вазифаларидан бири, яъни футболчиларни тайёрлаш моделини ишлаб чиқиш жараёнини ташкил этишда катта самара беради. Мазкур вазифаларни амалга оширишдаги яна бир муҳим йўналиш бу – илмий тажрибалар ўтказиш имкониятларини ошириш асосида илмий диссертацион ишлар ҳажмини ошириш.
Мактабларда футбол тўгараклар фаолиятини олиб бориш ва футболни ривожланиши учун амалиёт давомида мусобақалар ўтказиш ва иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиб жамоаларга бириктириш ишлари олиб борилмоқда.
Айнан бизнинг университетда ҳам футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2022 йилда Футбол факультети талабалари олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Student cup” мусобақасида иштирок этиб мусобақа ғолиби бўлди. 2022 йилда олий таълим муассасалари ўртасида мини-футбол спорт тури бўйича “ВАЗИР КУБОГИ” мусобақалари ўтказилди мусобақалар якунига кўра ЎзДЖТСУ талабалари мусобақанинг ғолиби бўлди.
Бугунги кунда университетда профессор-ўқитувчилар ва ишчи ҳодимлар ўртасида “Университет футбол лигаси” мусобоқаси ташкил қилинган, ҳар йили ўтказилиб келинмоқда. 2023 йил август ойида Россия давлатида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида жисмоний тарбия ва спорт олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро мусобақа режалаштирилган.
Шавкат ОБИДОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Футбол назарияси ва услубияти кафедраси мудири, доцент
ЎзА