Миллиардлаб маблағлар нега талон-торож қилинмоқда?
Марғилонда халқ таълими бўлими раҳбарининг кирдикорларини эшитиб, кўпчилик таажжубга тушди.
Маълум бўлишича, прокуратура томонидан шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов давомида Марғилон шаҳар халқ таълими бўлими собиқ бошлиғи қурилиш-таъмирлаш ишлари давомида жами 1,7 млрд сўм миқдордаги маблағларни талон-торож қилганлиги ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.
Шу сабабли, мансабдор гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг ажрими билан Марғилон шаҳар халқ таълими бўлими собиқ бошлиғига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Баъзи давлат мактабгача таълим ташкилотларида, оилавий боғчаларда маблағларни ноқонуний ўзлаштириш, пора олиш кузатиляти. Халқимизда “менинг нафсим балодир...” деган гап бежиз айтилмаган. Айримлар бировларнинг ҳаққидан қўрқмай, жиноятга қўл урмоқда.

Коррупция жамият ривожидаги энг катта тўсиқлардан биридир. Бугунги кунда Фарғона вилоятида бу каби ҳолатлар афсуски, кўп учрамоқда. Жамиятимиз тараққиётига ғов бўлаётган коррупция, таъмагирлик ҳолатлари нега барҳам топмаяпти? Таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш каби соҳаларда бунинг авж олгани ташвишланарлидир.
Ҳуқуқий нуқтаи-назардан коррупцияга қарши барча чоралар кўрилмоқда: «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида» қонун қабул қилинди, давлат органларида коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган идоравий ички ҳужжатлар ишлаб чиқилди, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, коррупция учун оғирроқ жазо чораси тайинланди, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Афсуски, коррупциянинг жамиятдаги ижтимоий норма сифатида ўрни ҳалигача ўз аҳамиятини сақлаб турибди. Кўпчиликда давлат хизматига қўшимча даромад манбаи сифатида қараш ҳозиргача мавжуд. Фуқаролар коррупцияга ўз муаммоларини тез ҳал этиш воситаси сифатида қарашда давом этмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар М.Б. ва Ш.Ф. олдиндан тил бириктириб, Қува туманидаги кичик саноат зонасидан 20 сотих ер майдонини фуқаро Н.га танишлари орқали ажратиб бериш эвазига 5.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Б. ва Ш.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Қўқон шаҳридаги 8-сонли мактаб директори Ф.Джаббарова фуқаро Н.Набиевани мактабга ярим ставкага кутубхоначи ва 0,2 ставка лаборант вазифасига ишга қабул қилиши эвазига 100 АҚШ доллари ва 850 минг сўм, Марғилон шаҳридаги 31-сонли мактаб директори вазифасини бажарувчи А.Дадахонов фуқаро Д.Жалоловни техник лавозимга тайинлаш эвазига 150 АҚШ доллари олаётган вақтда ушланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “И.” ирригация тизими бошқармаси шўъба бошлиғи А.Н. ва катта Фарғона магистрал канали муҳандис-гидротехниги С.Р. фуқаро Н.нинг ишончига кириб, унга Марғилон сойининг муҳофаза ҳудудидан 5 сотих ер майдонини тадбиркорлик қилиш учун ажратиб бериш эвазига 7 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Коррупцияга қарши курашишни аввало, ўзимиздан бошлашишимиз, унга муросасиз бўлишимиз керак. Жорий йилнинг 21 август куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида Миллий кенгаш тўғрисидаги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар тўғрисида низомлар тасдиқланган. Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг раислари деб белгиланди. Бу кенгашларнинг қарорлари давлат ва жамоат ташкилотлари учун мажбурий. Албатта, вилоятда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўп. Салбий ҳолатлар кўп учраётган тизим раҳбарлари бундан хулоса қилиши керак.
М.Сулаймонов, ЎзА