Миллатнинг юксалишига дахлдор восита
Ҳар бир миллатнинг ўзлиги, боқийлиги унинг тарихи, ўтмиши ва албатта, ўз тили мавжудлиги билан намоён бўлади.
Шу маънода тил – миллатнинг маданий, маънавий бойлиги, руҳи, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи, давлат тимсолидир. Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги ҳисобланади. Тилни асраш, ривожлантириш миллатнинг юксалиши билан баробар.
1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлиги, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди ва шу тариқа ўзбек тили муқаддас давлат рамзига айланди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани тарихий воқеа сифатида ўзбек тилимизнинг дунё майдонидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга замин яратди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда. Хорижий мамлакатларда кўплаб олимлар ва мутахассислар, адабиётшуносларнинг ўзбек тилини, бой маънавий, илмий, адабий меросимизни ўрганишга қизиқиши ортиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Хусусан, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган америкалик маданиятшунос Марк Эдуард Ризнинг ташаббуси алоҳида эътиборга молик. Ўзбек адабиётининг ёрқин дурдоналаридан бири, илк роман — «Ўткан кунлар»нинг инглиз тилига таржима қилиниши миллий маданиятимиз, бой адабиётимиз тарғиботи ҳамда ўзбек тилимиз мавқеи ошишида долзарб аҳамият касб этади. Она тилимиз — ўзбек тилига, уни ўрганишга бўлган бу каби қизиқишлар эса ҳар биримизга ғурур ва ифтихор туйғуларини бахш этади.
Шу билан бирга, айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Ёшларимиз учун ҳам хорижий тилларни ўрганишга кенг имкониятлар мавжуд.
Хорижий тилларни ўрганиш учун эса, аввало, ўз она тилимизни пухта билишимиз шарт. Ҳам ўз она тилини, ҳам хорижий тилларни пухта эгаллаган ёшлар эса ҳар соҳада ўзини кўрсата олади, олдига қўйган мақсадларига эришиши осон кечади. Қолаверса, кўптилли юртдошларимиз ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишда ўз ҳиссасини қўшиш имконига эга бўлади.
Она тилимизни бойитиш, асраб-авайлаш, софлигини сақлаш муҳим масалалардандир. Тилни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолиниши демакдир. Зеро, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил халқни, миллатни бирлаштиради. Шунинг учун ҳам она тилимиз гўзаллигини сақлашимиз, янада бойитишимиз лозим.
Қадим битиктошлару Қошғарийдан тортиб Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили ҳамиша барҳаёт бўлиши учун бугунги авлод зиммасига улкан масъулият юкланади. Шундай экан, она тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз эканлигини ҳис қилиб, шунга муносиб ҳаракатда бўлмоғимиз лозим.
Ойбек Тошматов,
Тошкент давлат юридик университети
Хорижий тиллар кафедраси мудири