Миллатни миллат қиладиган она тилидир
21 октябрь –Ўзбек тили байрами куни
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги олдидан Жиззах шаҳрида прокуратура ходимлари ўртасида “Тилга эътибор – элга эътибор” мавзусида республика кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ҳар бир миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги бу унинг тили билан чамбарчас боғлиқдир. Миллатни миллат қиладиган унинг она тилидир. Ходимларнинг давлат тилида иш юритишга оид амалий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида “Тилга эътибор – элга эътибор” мавзусида ўтказилган республика кўрик-танловининг вилоят босқичи кўпчиликнинг диққат эътиборида бўлганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Уч йўналиш бўйича баҳслашган танлов иштирокчиларининг билимлари биринчи йўналишда “Таҳлилий ишлар танлови” шарти бўйича ёзма равишда синовдан ўтказилди. Ёзилган таҳлилий ишлар комиссия аъзолари томонидан адолатли равишда баҳолаб борилди. Мазкур йўналиш ғолиблигини Арнасой тумани прокурорининг ўринбосари У.Қодиров қўлга киртиб, 1-ўринга лойиқ топилди.

Иккинчи “Саводхонлик танлови” йўналишида 1-ўринни Пахтакор тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи Ж.Усанов, учинчи “Шеърхонлик танлови” йўналиши бўйича эса 1-ўринни вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Д.Абдурасулов эгаллади.
Ҳар учала ғолиблар “Тилга эътибор – элга эътибор” мавзусидаги республика кўрик-танловининг финал босқичига йўланмаларни қўлга киритди. Энди улар Ўзбек тилига давлат мақоми берилган 21 октябрь куни арафасида мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтадиган финал баҳсларида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари