Миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади
Андижон машинасозлик институтида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Миллатлараро дўстликни, турли миллат вакиллари бўлган талаба ёшларнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш мақсадида институт профессор-ўқитувчилари рус, арман, қирғиз, корейс ва уйғур миллий-маданият марказлари вилоят бўлимлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда талаба ёшлар иштирокида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлиги, энг асосийси, барча миллат ва элатларнинг тенглиги, ўзаро дўстлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланганлиги таъкидланди.
– Тадбир юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик ва миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Андижон машинасозлик институти проректори Акмалжон Эрматов. – Айниқса, талаба ёшлар қалбида ватанпарварлик, миллатлараро дўстлик туйғуларини ҳамда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдан иборат.
[gallery-9702]
Айни кунда Андижон вилоятидаги олий ўқув юртларида турли миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда таҳсил олмоқда. Ўзбекистон фуқароси сифатида улар амалдаги барча ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлақонли фойдаланмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Дурбек Қўлдошев, шоирлар Ориф Мелиев, Аваз Абдусалом иштирок этиб, миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳақида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Она Ватан, дўстлик ва тинчликни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди.
Талабалар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари, бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди. Тадбир доирасида турли миллатларнинг миллий либослари ҳамда таомлари кўргазмалари намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА