Миллат маънавиятининг порлоқ қуёши
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Миллат маънавиятининг порлоқ қуёши” мавзусида видеоконференцалоқа тарзида тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бекзод Муҳаммадкаримов ҳамда маҳоратли актриса Дилноза Кубаеванинг иштироки тадбирга ўзига хос файз бағишлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар шоир ғазалларидан парчалар ўқиб, Навоий шахси, бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши ҳақида гапиришди.

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув даврида Навоий меросига қайта-қайта мурожаат қилиш, унинг асарларида ўз ифодасини топган, инсонни камолотга етаклашга қаратилган эзгу ғояларни ёшлар онгига сингдириш тобора долзарб аҳамиятга эга. Мутафаккирнинг ибратли ҳаёти ҳамда серқирра ижоди барча замон ва маконлар учун бирдек ҳикмат ҳамда маърифат манбаи бўлаётир.
Ижодкорнинг биргина “Хамса” асари нафақат XV аср маданий ҳаётининг, балки бутун бир миллатнинг маънавий қомуси ҳисобланади. Мазкур асардаги “Садди Искандарий” достонида етук бир жамият, обод Ватан орзуси баён қилинган. Шундай экан, ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Шу боис, улуғ шоирнинг ижод намуналари дунё халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Бугун барчамиз Алишер Навоий орзу қилган, тараннум этган осуда ҳаёт, фаровон турмуш, юксак тараққиётдан баҳрамандмиз. Ёш авлод ул зотнинг асарларидаги қаҳрамонлар каби эзгулик сари бел боғлаб, юрт равнақига ҳисса қўшмоқда.
Тадбир сўнггида таниқли санъаткорлар томонидан “Алишер Навоий” спектаклидан Навоий ва Гули тимсоли саҳнада гавдалантирилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА