МИБ: суд қарорлари ижроси назоратда
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшовчи Ноила Ашурова (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи вафот этгач бир фарзанди билан кўчада қолади. Онани ҳали икки ёшга тўлмаган фарзанди билан турмуш ўртоғининг яқин қариндошлари яшаш уйидан чиқариб юборади. Шундан сўнг Н.Ашурова муаммолар гирдобида яшаб, кун кўради. Турмушнинг турли қийинчиликларни бошдан кечиради.
Ёлғиз онанинг иши фуқаролик ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилиб, келин бўлиб тушган уйига мажбурий тартибда киритиб қўйилиши белгиланди.
Мазкур суднинг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Шўрчи тумани бўлимига келиб тушгач, алоҳида назоратга олиниб, ижро ҳаракатларига киришилди.
–Она болани уйига киритишга тўсқинлик қилганлар ҳам бўлди, – дейди МИБ Шўрчи тумани бўлими давлат ижрочиси Шерқобил Ҳасанов. – Улар амалдаги қонун доирасида тегишли жазога тортилди. Базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари миқдорида жарима қўлланилди. Шундан сўнг даъвогар суд ҳужжатида кўрсатилган манзил яъни, ўзининг келин бўлиб тушган яшаш хонадонига киритилди.
Бошқа бир ҳолатда Термиз шаҳрида яшовчи Рисолат Баротова турмуш ўртоғи чет элга ишлаш учун кетгач, келин бўлиб тушган хонадонида қайнотаси билан келишолмай қолади. Ўзаро келишмовчиликлар сабабли Рисолат яшаш уйидан чиқариб юборилади. Бу масала ҳам суд тартибида кўриб чиқилиб, адолатли қарор қабул қилинди. Рисолатни келин бўлиб тушган уйига киритиб қўйиш белгиланди.
Суднинг қарори асосида МИБ Термиз шаҳар бўлими давлат ижрочилари мажбурий ижро ҳаракатларига киришиб, жавобгарга суд қарорини бажариш барча учун бирдек бурч экани ва давлат ижрочисининг қонуний ҳаракатига қаршилик кўрсатишнинг салбий оқибатлари атрофлича тушунтирилди. Амалдаги қонунчиликда давлат ижрочисига қаршилик кўрсатиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги эслатилди. Шундан сўнг даъвогарнинг суд ҳужжатида кўрсатилган манзилга киритилиши таъминланди.
–Дунёда юз бераётган глобаллашув айрим оилаларга ўз таъсирини ўтказиб, турли низоларни келтириб чиқармоқда, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов.– Арзимаган баҳона ёки сабаб билан баъзи ёш оналар келинлик уйидан чиқариб юборилаётгани ачинарлидир. Миллатимизга хос бўлмаган бундай ҳолатларда суд қарорига асосан давлат ижрочиларимиз шу турдаги ҳужжатлар ижросини имкон қадар тезроқ таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Даъвогарлар мажбурий тартибда уйга киритилгач, бундай қалтис ишга қўл урган аксарият жавобгарлар ҳаётда нотўғри қадам ташлаганини англаб олмоқда.
Вилоятда судларнинг бу каби ижро ҳужжатларини ижро этишга МИБ туман, шаҳар бўлимлари давлат ижрочилари алоҳида эътибор билан ёндашаётгани ўз уйидан чиқариб юборилган она ва болалар ҳуқуқларини тиклаб, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири