МИБ раҳбарияти иштирокидаги сайёр қабулда 4 та оила яраштирилди
Аҳоли билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ва фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Х.Очилов ҳамда Бюронинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Д.Бобохонов иштирокида Сурхондарё вилоятида 8–11 июнь кунлари сайёр қабуллар ўтказилди.
Қабуллар давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан суд ҳужжатлари ижроси, алимент тўловлари, қарздорликларни ундириш, мол-мулкни қайтариш, мажбурият юклаш ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилиниб, ҳар бири атрофлича ўрганилди. Мурожаатларни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Бойсун, Ангор, Денов ва Олтинсой туманларидаги қабуллар давомида алимент масаласида мурожаат қилган 4 та оиланинг ярашувига эришилиб, оилавий муносабатларни тиклашга кўмаклашилди.
Қўшимча ўрганиш талаб этувчи мурожаатлар Бюро марказий аппарати назоратига олинди. Шунингдек, сайёр қабуллар доирасида Бюронинг туман ва шаҳар бўлимлари фаолияти ҳам ўрганилди. Давлат ижрочиларининг иш самарадорлиги, маҳаллабай ишлаш тизими, ижро интизоми ҳамда аҳоли билан ишлаш ҳолати таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Айниқса, ишсиз алимент тўловчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни доимий даромад манбаи билан қамраб олиш орқали алимент қарздорлигини камайтириш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Бундай сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини тезкор ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА