Инсонлар ҳаётини "тез ёрдам" сиз таассувур этиб бўлмайди
Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида янги тез тиббий ёрдам станцияси, Зомин туманидаги Суффа ҳудудида эса замонавий тез тиббий ёрдам шаҳобчаси иш бошлади.
Баъзан инсон тақдири бир неча дақиқа, ҳатто бир неча сония ичида ҳал бўлади. Ана шундай паллада тез тиббий ёрдам хизмати нафақат тиббиётнинг, балки инсонпарварликнинг ҳам энг таъсирчан кўриниши сифатида намоён бўлади.
Жиззах вилоятида фойдаланишга топширилган мазкур икки янги объект ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Мамлакатимизда аҳолига шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу борада яратилаётган замонавий инфратузилма инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Бугун Жиззах вилоятида 13 та тез тиббий ёрдам станцияси, 1 та подстанция, 64 та таянч пункт ва 124 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият кўрсатмоқда. Тизимда 3 минг 202 нафар ходим меҳнат қилаётган бўлса, улар ихтиёрида 210 та махсус транспорт воситаси мавжуд.
[gallery-29902]
Бу хизматга эҳтиёж йил сайин ортиб бораётганини рақамлар ҳам тасдиқлайди. 2025 йилда вилоят бўйича “103” хизматига 561 минг 894 та чақирув келиб тушган. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра эса бу кўрсаткич 179 минг 781 тани ташкил этган.
Зафаробод туманида очилган янги станция 55 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда 5 та бригада — 4 та умумшифокорлик ва 1 та фельдшерлик жамоаси фаолият юритмоқда. Станцияда жами 137 нафар ходим меҳнат қилади. Улардан 19 нафари шифокор, 79 нафари ўрта тиббиёт ходими, 11 нафари кичик тиббий ходим, 28 нафари ҳайдовчи ва бошқа мутахассислардир.
Эътиборлиси, мазкур объект “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобига барпо этилди. Бир неча йил давомида фойдаланилмай келган лаборатория биноси қайта таъмирланиб, аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қиладиган замонавий масканга айлантирилди.
2026 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра станция ходимлари томонидан 8 минг 762 та чақирувга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилгани бу ердаги меҳнат ва масъулият кўламини яққол намоён этади.
Зафаробод туман тез тиббий ёрдам бўлими мудири Достон Акабоевнинг таъкидлашича, янги бинода яратилган шароитлар хизмат самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
— Бу шунчаки янги бино эмас, балки инсон ҳаёти учун курашда қўлга киритилган янги имкониятдир. Энди бригадалар чақирувларга янада тезроқ чиқади, ходимлар учун яратилган шароит эса хизмат сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Энг муҳими, ҳар бир дақиқанинг қадрини янада оширади, — дейди Достон Акабоев.
Зомин туманидаги Суффа тез тиббий ёрдам шаҳобчаси ҳам ўз аҳамияти билан ажралиб туради. У мамлакатимизда туризм жадал ривожланаётган ҳудудлардан бири саналган “Зомин” туристик-рекреацион зонасининг муҳим ижтимоий инфратузилма объектига айланди.
Мазкур лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Қарорда туристлар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш вазифалари белгилаб берилган бўлиб, Суффада барпо этилган янги шаҳобча ана шу вазифаларнинг амалий ифодаси бўлди.
Қиймати 4,5 миллиард сўм бўлган бино “Зомин” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси маъмурий мажмуаси таркибида қурилди. Айни пайтда бу ерда махсус жиҳозланган “Volkswagen Caddy” автомобили билан таъминланган 1 та фелдшерлик бригадаси хизмат кўрсатмоқда. Бригада кунига ўртача 15–20 та чақирувга чиқиб, маҳаллий аҳоли ва меҳмонларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатяпти.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах вилояти филиали директори вазифасини бажарувчи Жамшид Имомовнинг фикрича, мазкур объект ҳудуднинг тиббий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
— Суффа ва Зоминга келувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Туризм ривожланган сари тезкор тиббий хизматга бўлган эҳтиёж ҳам ортади. Янги шаҳобча маҳаллий аҳоли билан бир қаторда минглаб сайёҳларга ҳам ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Бу ҳудудда хавфсиз туризм муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди Жамшид Имомов.
Зафаробод ва Суффада фойдаланишга топширилган янги бинолар шунчаки навбатдаги объект эмас. Улар инсон ҳаётини асраш, оғир паллада ёрдамни янада яқинлаштириш ва тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим масканлардир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари