МИБ фаолияти: қарздорга жазо муқаррар
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан фарзандлари моддий таъминотидан бўйин товлаб, келган қарздорга жиноят иши қўзғатилди.
Аниқланишича, Чуст туманида яшовчи фуқаро И.С. 2011 йилдаги суд буйруғига кўра уч нафар вояга етмаган ёш боласи учун алимент тўлаши белгиланган. МИБ туман бўлими иш юритувидаги мазкур ҳужжат юзасидан давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ, ота мажбуриятини унутиб, қарздорликни тўламаган. Маъмурий жазо қўлланилгунга қадар қарздорлик 23,6 миллион сўмга етган. Маъмурий қамоқдан сўнг эса 32,4 миллион сўм, жами 56,1 миллион сўмни ташкил этган.
Натижада, унга нисбатан, жиноят кодексининг тегишли моддаси билан иш қўзғатилди. МИБ вилоят бошқармаси катта суриштирувчиси Шавкат Қаҳҳоровнинг қайд этишича, шу йилнинг ўтган даврида фарзанди моддий таъминотидан бўйин товлаган 954 қарздорга нисбатан маъмурий, ундан сўнг ҳам 2 ойдан ортиқ алимент тўламай келган 54 отага нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган.
***
Жиноят ишлари бўйича Намангани вилоятининг Чортоқ тумани судининг ижро варақасига асосан қарздор Ж.М. дан давлат фойдасига 20 миллион 400 минг сўм жиноий жарима ундириш белгиланган. Мазкур ижро варақаси Бюронинг туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Давлат ижрочиси томонидан иш юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорга юборилган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, қарздордан жаримани тўлаш учун ихтиёрий муддат берилган. Бироқ, ана шу муддат мобайнида қарздорлик бартараф этилмаган. Қолаверса, 2 ой давомида жаримани тўлашдан бўйин товлаб келган. Шундан сўнг, давлат ижрочиси томонидан амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулкларининг йўқлиги маълум бўлган.
Шунга кўра, жаримани мажбурий ундиришнинг имкон бўлмаганлиги сабабли, амалдаги тартибга кўра, давлат ижрочиси жарима тариқасидаги жиноий жазони, жазонинг бошқа тури билан алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома киритган. Суд ажримига асосан жарима жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.