Метрополитенда ёнғин хавфсизлиги: Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик
Ер остидаги ҳар бир дақиқа, ҳар бир техник тизим ва ходимнинг ҳушёрлиги инсон ҳаёти учун муҳим.
Чунки метрополитен оддий транспорт тизими эмас. Унда ҳар куни минглаб одамлар ҳаракатланади, поездлар ер остида қатнайди, бекатлар ва туннелларда мураккаб муҳандислик тармоқлари ишлайди. Бундай шароитда ёнғин хавфсизлиги фақат техник талаб эмас, балки йўловчилар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишнинг энг муҳим шартларидан бири.
“Тошкент метрополитени” АЖда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ходимларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.

Метрополитенда ўтказилаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг “Яшнобод” бекатида жойлашган Электр таъминоти хизматига қарашли тортувчи нимстанцияда ўқув машғулоти ташкил этилди. Унда нимстанция ишчи-ходимлари ҳамда Ҳарбийлаштирилган ёнғиндан сақлаш бўлими ходимлари иштирок этди. Ўқув машғулоти давомида электр қурилмаларидан хавфсиз ва тўғри фойдаланиш, ёнғин содир бўлган ҳолатларда бирламчи ўт ўчириш воситаларини тўғри қўллаш, шунингдек, мазкур воситаларга белгиланган тартибда хизмат кўрсатиш ва уларнинг доимо шай ҳолатда бўлишини таъминлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, амалий кўрсатмалар берилди.

Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, метрополитенда ёнғин келиб чиқишига электр жиҳозларидаги носозликлар, кабелларнинг шикастланиши, ускуналарнинг қизиб кетиши, ёнувчан материаллардан нотўғри фойдаланиш ёки хавфсизлик қоидаларининг бузилиши сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун хавфни бартараф этишда фақат ёнғин ўчириш воситаларининг мавжудлигига таяниш етарли эмас. “Тошкент метрополитени” АЖ матбуот хизматига кўра, бунинг учун электр таъминоти тизимлари, тақсимлаш қурилмалари, кабеллар, вентиляция ускуналари ва бошқа муҳим жиҳозлар белгиланган тартибда текширилиши, аниқланган носозликлар ўз вақтида бартараф этилиши лозим. Ёнғин сигнализацияси, хабар бериш тизимлари ва ёнғинга қарши воситаларнинг ишга шайлиги ҳам мунтазам назорат қилиниши зарур.

Айниқса, ер ости иншоотларида тутуннинг тарқалиш йўналиши ва тезлиги катта аҳамиятга эга. Шу боис вентиляция тизимларининг созлиги, эвакуация йўлакларининг очиқлиги, чиқиш эшикларига олиб борувчи йўлларнинг тўсиб қўйилмагани фавқулодда вазиятда ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин. Бир қарашда арзимасдек туюлган носозлик ёки эътиборсизлик жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Демак, ҳар бир текширув, профилактик чора ва ходимнинг масъулияти умумий хавфсизлик тизимининг ажралмас қисмидир. Ёнғин аниқланганда масъул ходимлар қандай ҳаракат қилиши, поезд ҳаракатига доир қарорлар қай тартибда қабул қилиниши, йўловчиларга ахборот қандай етказилиши ва эвакуация ким томонидан бошқарилиши олдиндан аниқ белгиланган бўлиши керак. Бу жараёнда ходимларнинг амалий тайёргарлиги алоҳида ўрин тутади.

Қайд этиш лозимки, метрополитенда хавфсизликни таъминлаш фақат мутахассислар зиммасидаги вазифа эмас. Йўловчилар ҳам оддий, аммо муҳим қоидаларга амал қилиши зарур. Эвакуация чиқишларини тўсмаслик, тақиқланган жойларда чекмаслик, ёнувчан ва хавфли буюмларни ташишга доир талабларга риоя қилиш, шубҳали ҳолат ёки тутунни кўрганда дарҳол метро ходимларига хабар бериш — буларнинг барчаси хавфнинг олдини олишга хизмат қилади.
Жойларда профилактик тадбирлар давом этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА