Метродаги гавжумлик: йўловчилар кўпайди, қулайлик қандай таъминланади?
Ижтимоий тармоқларда метрополитенда йўловчилар кўплиги сабабли юзага келаётган ноқулайликлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Айниқса, йўловчилар оқими юқори бўлган вақтларда бекатлар ва поездлардаги гавжумлик масаласи жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Статистикага кўра, сўнгги беш йил ичида бир кунлик йўловчилар сони ўртача 280–300 минг нафардан 1,2 миллион нафардан ошган. Бу — метро хизматларига бўлган талабнинг бир неча баробар ўсганини англатади. Бундай шароитда фақат поездлар сонини кўпайтириш эмас, балки бекатларнинг йўловчиларни қабул қилиш имконияти, ҳаракатни ташкил этиш, хавфсизлик ва йўловчилар оқимини бошқариш тизимини ҳам мутаносиб равишда такомиллаштириш муҳим.
Хўш, йўловчилар оқими кескин ошиб бораётган бир вақтда метро уларга қай даражада муносиб хизмат кўрсата олади?
“Тошкент метрополитени” АЖ матбуот хизмати маълумотларига асосан, келгусида ҳаракат таркибини янгилаш ва поездлар оралиғидаги вақтни қисқартириш чоралари кўрилмоқда.
Қайд этилишича, 2026 йил давомида метро учун 14 та замонавий ҳаракат таркиби харид қилиниб, фойдаланишга топширилган. Ушбу таркиблар йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва поездлар ҳаракати интервалларини босқичма-босқич қисқартиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, метрополитен инфратузилмасини яхшилаш ва молиявий соғломлаштириш бўйича ҳам қатор чоралар белгиланган. Жумладан, 2026-2028 йилларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фуқаро муҳофазаси объектлари техник базасини такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Метрополитен маъмурияти йўловчилар оқимини бошқариш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва хизмат кўрсатиш шароитларини яхшилаш бўйича ишлар давом этаётганини билдирмоқда. Эндиликда муҳим вазифа — ўсиб бораётган талабга мос равишда хизмат сифатини таъминлаш. Бу эса янги поездлардан ташқари, ҳаракат интервалларини мақбуллаштириш, гавжум бекатларда йўловчилар оқимини тўғри ташкил этиш ва кутилаётган юкламани олдиндан ҳисобга олишни ҳам талаб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА