Метро бир кунда 1,2 миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда: тирбандликка қандай ечим бор?
Пойтахтда аҳоли гавжум, жамоат транспортидан фойдаланиш кўрсаткичи ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Метрополитенда йўловчилар оқими йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, “Тошкент метрополитени” АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, метродан фойдаланувчилар сони 2025 йилнинг сентябрь–октябрь ойларида 51,4 миллион нафар йўловчидан иборат бўлган бўлса, 2026 йилнинг айни даврида ушбу кўрсаткич 61,7 миллион нафарга етди.
Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизлик ўсишни англатади. Бугунги кунда метрополитен кунига 1,2 миллион нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Бу эса нафақат янги вагонлар, балки мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, бекатлардаги зичликни камайтириш ва йўловчилар маданиятини ошириш масаласини ҳам кун тартибига чиқармоқда.
Эрталаб ишга, ўқишга шошилаётган одамлар, кечқурун уйига қайтишга ошиққан йўловчилар, бекатлардаги гавжумлик, эшиклар очилиши билан вагонга киришга уринаётганлар…Тошкент метрополитенидаги бу манзара пойтахт аҳолиси учун деярли одатий ҳолга айланган. Айниқса, иш кунлари эрталаб ва кечки пайт айрим бекатларда бир поездни ўтказиб юбориш ҳам манзилга етиб бориш вақтини сезиларли узайтириши мумкин. Бироқ, бугунги вазиятни фақат йўловчиларнинг кўпайиши билан изоҳлаш тўғри бўлмайди.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор: мавжуд транспорт имкониятларидан қандай фойдаланяпмиз? Нега айрим вагонлар нисбатан бўш бўлса-да, бошқаларида зичлик кузатилади? Йўловчилар оқимини тўғри тақсимлаш орқали тирбандликни камайтириш мумкинми?
Қайд этилишича, Тошкент метрополитени вагон паркларида 55 та замонавий ва 30 та хизмат муддатини ўтаб бўлган эски ҳаракат таркиблари мавжуд. Уларнинг йўловчи сиғими ўртасида ҳам сезиларли фарқ бор: эски ҳаракат таркиблари ўртача 1 000 нафаргача йўловчини ташиш имкониятига эга бўлса, янги ҳаракат таркибларида бу кўрсаткич 1 300 нафаргача етади.
— Аслида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар катта, — дейди “Тошкент метрополитени” АЖ раиси ўринбосари Йўлдош Юсупов. — Аммо статистикага аҳамият беришимиз лозим. Рақамлар пойтахтда метронинг шунчаки муқобил транспорт эмас, балки шаҳар ҳаётининг муҳим ҳаракатлантирувчи тизимига айланганини кўрсатади. Аҳоли сони, шаҳар ҳудудининг кенгайиши, янги турар жойлар ва ишбилармонлик марказларининг пайдо бўлиши жамоат транспортига бўлган талабни янада оширмоқда. Табиийки, бундай шароитда метрополитен олдидаги энг муҳим вазифа — йўловчилар оқимига мос равишда ташиш имкониятларини кенгайтириш. Шу боис поездлар ҳаракати интервалларини қисқартириш, гавжум бекатларга захира поездларини йўналтириш ва вагонларга чиқиш-тушиш жараёнини тартибга солиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бироқ, фақат ташкилий чоралар билан муаммони тўлиқ ҳал этиш қийин. Йўловчилар сони ўсиб бораётган бир шароитда ҳаракат таркибини янгилаш ҳам заруратга айланмоқда.

Ҳукумат томонидан 2027–2028 йилларда Тошкент метрополитени учун 28 та беш вагонли замонавий ҳаракат таркибини харид қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, мавжуд замонавий поездларга қўшимча вагонлар харид қилиш орқали яна 40 та ҳаракат таркибидаги вагонлар сони орасига қўшимча вагон қўшиш мақсад қилинган. Бу ташаббус эрталаб ва кечки тиғиз вақтларда йўловчилар зичлигини камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Албатта, янги поездларнинг харид қилиниши муҳим. Аммо улардан самарали фойдаланиш, ҳаракат интервалларини оқилона белгилаш ва бекатлар ўртасидаги йўловчи оқимини мувофиқлаштириш ҳам бирдек аҳамиятли.
— Метрополитен маъмурияти йўловчилар эътиборини бир қарашда оддий туюладиган, аммо амалда катта самара бериши мумкин бўлган жиҳатга қаратмоқда: барча йўловчилар бир хил бекат ва вагонларга тўпланиб қолмаслиги керак, — дейди Йўлдош Юсупов. — Масалан, Чилонзор метро бекатидан бир кунда ўртача 60–65 минг нафар йўловчи фойдаланса, Мирзо Улуғбек бекатида бу кўрсаткич 20–25 минг нафарни ташкил этади. Халқлар дўстлиги бекатида кунлик йўловчилар оқими 35–40 минг нафар бўлгани ҳолда, Миллий боғ бекатида бу рақам 6–8 минг нафар атрофида. Демак, йўналиш ва манзил имконият берган ҳолларда муқобил бекатлардан фойдаланиш гавжум нуқталардаги юкламани камайтиришга ёрдам беради. Яна бир эътиборли жиҳат, поездга чиқишда кўпчилик одатда бош вагонларга интилади. Натижада ўрта вагонларда нисбатан бўш жойлар бўлиши мумкин. Йўловчилар поезднинг ўртадаги иккинчи ва учинчи вагонларидан ҳам самарали фойдаланишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу тавсиялар оддий кўринсада, миллионлаб йўловчилар ҳаракатланадиган тизимда ҳар бир кишининг ҳаракати умумий вазиятга таъсир кўрсатади.
Дарҳақиқат, тирбандликни фақат поездлар сони ёки бекатларнинг ўтказувчанлик имконияти билан ўлчаб бўлмайди. Йўловчиларнинг ўзини тутиши ҳам ҳаракат хавфсизлигига бевосита таъсир қилади. Поезддан тушаётганларга йўл бермасдан вагонга киришга уриниш, эшиклар олдида тўпланиш, манзилга яқинлашганда бирданига чиқишга шошилиш — буларнинг барчаси ҳаракатни секинлаштириши ва нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис метрополитен маъмурияти йўловчилардан бир неча оддий қоидаларга амал қилишни сўрамоқда: аввал тушаётганларга йўл бериш, эшиклар олдида тўпланмаслик, манзилга яқинлашганда бошқаларга халақит бермаган ҳолда эшик томон ҳаракатланиш, хавфсизлик талабларига риоя қилиш. Чунки метронинг тезкорлиги фақат машинист ёки диспетчернинг ишига эмас, балки ҳар бир йўловчининг масъулиятига ҳам боғлиқ.

Тошкент метрополитени олдида турган вазифа икки йўналишдаги ишларни бирлаштиришни талаб қилади. Бир томондан, йўловчилар сони ўсишига мос равишда янги ҳаракат таркибларини харид қилиш, мавжуд паркни янгилаш ва ташиш имкониятларини кенгайтириш зарур. Иккинчи томондан, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, бекатлардаги оқимни тўғри тақсимлаш ва йўловчилар маданиятини ошириш лозим. Зеро, миллионлаб одамлар ҳаракатланадиган мегаполисда қулай метро фақат замонавий вагонлар билан эмас, балки аниқ ташкил этилган тизим, ўзаро ҳурмат ва умумий масъулият билан шаклланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА