Метро бекатларида сув сизишини бартараф этиш зарур
Тошкент метрополитени нафақат аҳолимизга хизмат кўрсатувчи муҳим транспорт тизими, балки хорижий сайёҳлар эътиборини тортаётган ноёб маданий мерос объектларидандир. Айрим бекатлар ўзига хос архитектураси ва бадиий безаклари билан миллий маданиятимиз ифодаси сифатида қадрланади.
Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юксалиб бораётган бир даврда метро инфратузилмасидаги техник муаммолар йўловчилар ва сайёҳларга ноқулайлик туғдириши билан бир қаторда бебаҳо меросни асрашга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис тизимни модернизация қилиш, хавфсизликни таъминлаш ва тарихий-маданий қиёфага эга бекатларни асл ҳолича сақлаш муҳим вазифадир.
Айни мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова Тошкент метрополитени инфратузилмасида кузатилаётган муаммолар юзасидан транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга депутатлик сўрови юборди. Унда йўловчилар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган қатор техник ҳолатлар кўтарилган.
Кейинги йилларда транспорт тизимини модернизация қилиш, метро тармоғини кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ айрим бекатлар ва иншоотларнинг техник ҳолати жиддий эътибор талаб этмоқда.
Хусусан, ташқи муҳит таъсирида тоннель деворлари ва бекат платформаларидан сув сизиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу, аввало, инфратузилма мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, йўловчилар хавфсизлиги учун ҳам муайян таҳдидларни юзага келтиради.
Сўровда «Беруний», «Ғафур Ғулом», «Алишер Навоий» ва «Космонавтлар» бекатларида сув сизиши оқибатида керамика паннолари эскиргани, айрим жойларда яроқсиз ҳолга келгани, айниқса, бекатларнинг тарихий-бадиий қиёфасига путур етаётгани қайд этилган.
Шунингдек, «Чоштепа» — «Ўзгариш» бекатлари оралиғидан оқиб ўтувчи «Жунариқ» канали ҳамда «Турон» — «Қурувчилар» бекатлари оралиғидаги «Чортоқ» ариқлари метрополитен ер усти йўлининг кўприк таянч устунлари атрофидаги тупроқни ювиб кетмоқда. Бу ҳолат мазкур иншоотлар мустаҳкамлиги ва хавфсизлигига таъсир кўрсатади.
Депутат «Чорсу», «Ғафур Ғулом» ва «Алишер Навоий» бекатларида 1984 йилда ишга туширилган эскалаторлар таъмирталаб ҳолатга келгани, уларни замонавий, хавфсиз ва энергия тежамкор қурилмаларга алмаштириш заруратини ҳам таъкидланган. Шу билан бирга, Чилонзор йўналишида 1977 йилда фойдаланишга топширилган бирлашган ним тортиш станцияси — БНС-2 техник жиҳатдан эскиргани, эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш мураккаблашаётгани билдирилган.
Гулруҳ Агзамова айрим бекатларда ногиронлиги бўлган шахслар учун ўрнатилган электрон кўтаргичлар тўлиқ ишламаётгани, ер ости бекатларида тактил йўлаклар мавжуд эмаслиги имконияти чекланган фуқаролар учун қийинчиликлар туғдираётганига ҳам эътибор қаратди.
Бундан ташқари, ер усти ҳалқа йўлида йирик габаритли юк автотранспорт воситаларининг метрополитен кўприги тўсинига тегиб ўтиши натижасида иншоотларга зарар етказилаётгани қайд этилган. Шунингдек, ирригация ариқлари ва яшил ҳудудлардан сизиб чиқаётган сувлар тоннель, бекат конструкциялари, электр жиҳозлари ва металл қисмларда коррозия ҳамда техник носозликлар хавфини оширмоқда.
Шу муносабат билан депутат сўровида метро бекатлари ва тоннелларда сув сизишини бартараф этиш, кўприк таянчлари атрофидаги сув оқимини тартибга солиш, қирғоқларни мустаҳкамлаш, махсус габаритли дарвозаларни ўрнатиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, метро иншоотлари мустаҳкамлиги ҳамда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар ва режалар юзасидан маълумот бериш сўралган.
М.Комилова, ЎзА