Мерганлик ва заковат майдонида
Жиззах вилоятида Ёшлар ойлиги доирасида ҳарбий хизматчилар ўртасида шахмат ва камондан ўқ отиш бўйича ўтказилган вилоят босқичи нафақат ғолибларни аниқлади, балки ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, жисмоний тайёргарлиги ва ватанпарварлик туйғуларини яна бир бор намоён этди.
Ёшлар ойлиги ва “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ёш ҳарбий хизматчилар ҳамда ходимлар ўртасида шахмат ва камондан ўқ отиш спорт турлари бўйича мусобақаларнинг вилоят босқичи юқoри савияда ташкил этилди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси, Жиззах ҳарбий прокуратураси, Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда Миллий гвардия вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва спортга қизиқишни янада кучайтириш мақсадларига хизмат қилди.
[gallery-29926]
Бугун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрда қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, спортни ҳаёт тарзига айлантириш ҳамда соғлом авлодни тарбиялаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган. Мазкур мусобақалар ана шу эзгу мақсадлар ижросининг ҳудудлардаги амалий ифодаси бўлди.
Беллашувларда вилоятдаги ҳарбий қисм ва муассасалардан сараланган энг фаол, билимли ва иқтидорли ёшлар қатнашиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Майдонларда соғлом рақобат муҳити ҳукм сурди, ҳар бир баҳс кескин курашлар ва қизиқарли вазиятларга бой кечди.
Шахмат баҳсларида иштирокчиларнинг стратегик тафаккури, мантиқий мушоҳадаси ва тезкор қарор қабул қилиш қобилияти яққол намоён бўлди. Ҳар бир юриш ортида пухта ҳисоб-китоб, ҳар бир қарор ортида эса ғалабага бўлган интилиш мужассам эди. Ақл ва матонат тўқнашган баҳслар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Камондан ўқ отиш мусобақалари эса иштирокчилардан юксак диққат, ирода ва аниқликни талаб қилди. Нишонга қарата отилган ҳар бир ўқ ёш ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий тайёргарлиги ҳам юқори эканини кўрсатди. Бу баҳсларда сабр-тоқат, ўзини бошқара билиш ва масъулият туйғуси ҳал қилувчи омилга айланди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ҳарбий жамоалар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Иштирокчилар тажриба алмашди, янги дўстлар орттирди ва спортнинг бирлаштирувчи кучини яна бир бор ҳис қилди.
Якуний натижаларга кўра, камондан ўқ отиш мусобақасида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисмнинг — “Мангуберди” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Миллий гвардия вилояти бошқармасининг “Гвардиячилар” жамоасига насиб этган бўлса, учинчи поғонадан Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмнинг “Темурийлар” жамоаси ўрин олди.
Шахмат баҳсларида эса Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, майор Феруз Сайфуллаев мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин 524-сонли алоҳида баталионнинг оддий аскари Бобуржон Бердимуродовга, учинчи ўрин эса Миллий гвардия вилояти бошқармаси ҳарбий хизматчиси Султонбек Худойбергановга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, бундай мусобақалар ёшларда ватанпарварлик, жасорат, қатъият ва ғалабага интилиш каби юксак фазилатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, бу каби тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, уларни соғлом ва баркамол авлод сифатида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари