Мерганлар баҳсида энг кучлилар ғолиб бўлди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йилиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қашқадарё вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳарбий хизматчилари ўртасида ҳаво милтиқидан ўқ отиш мусобақаси ташкил этилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб қилиш, дастлабки ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга ватанпарвар, масъулиятли, қийин ва экстримал вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ва ҳарбий тузилмалари, Ички ишлар вазирлиги қоровул қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма муассасалари ва Давлат божхона қўмитаси тизимларига қарашли барча ҳарбий қисмлардан 60 нафардан зиёд ҳарбий хизматчи иштирок этди.

Мусобақа жараёнида иштирокчилар ўз маҳоратини намойиш этди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Давлат хавфсизлик хизмати Черага қўшинларига қарашли N-сонли ҳарбий қисм жамоасига насиб этди. Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм жамоаси 2-ўринни, Қарши ҳалқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли ҳарбий қисм жамоаси 3-ўринни эгаллади. Мусобақанинг яккалик баҳсларида ДХХ Черага қўшинлари N-сонли ҳарбий қисм кичик сержанти Юсуфжон Позилжонов мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда шартнома асосидаги ҳарбий ҳизматчи, оддий аскар Аброр Эргашев 2-ўрин соҳиби бўлди. Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисм кичик сержанти Аслиддин Алиевга 3-ўрин насиб этди.

Ғолиб жамоа ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совға, диплом ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА