Менинг овозим – менинг тақдирим
2021 йил 24 октябрь куни Республикамизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, фуқаролик позицияси ушбу сайлов жараёнларида яна бир бор намоён бўлади.
Сирдарё вилоятида “Менинг овозим – менинг тақдирим” шиори остида сайлов тарғиботи ҳафталигига старт берилди. Вилоят адлия бошқармаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу тарғибот тадбирлари аҳолининг ҳуқуқий-сиёсий саводхонлигини, сайлов қонунчилигидан хабардорлигини ошириш, электорал маданиятини юксалтириш мақсадига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Дастлабки тадбир Боёвут туманидан бошланди. Туманнинг “Марказ”, “Пахтакор”, “Янги бўстон” ва “Истиқлол” маҳаллаларида тарғибот гуруҳи томонидан Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид нормалар, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайловларда иштирок этишлари учун яратилган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
- Сайловнинг аҳамияти шундаки, унинг натижасида давлат раҳбари сайланибгина қолмай, балки, жамият аъзоларининг хоҳиш-истаклари, кайфияти, давлат сиёсатига реал муносабати намоён бўлади. Бу жараёнда ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, сайловда фаол иштирок этиши лозим, - дейди “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Равшанбек Маҳмудов.

- 2021 йилги президент сайлови илк бор Ўзбекистон Республикаси “Сайлов кодекси” асосида ўтади, - дейди адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Дилноз Умурзоқова.- “Сайлов тарғиботи ҳафталиги” доирасида кўчабай, маҳаллабай учрашувлар ташкил этиш орқали аҳолининг сиёсий саводхонлигини ошириш, сайловда фаол иштирок этишга чорлаш асосий мақсадимиздир.
Тарғибот гуруҳи томонидан ҳудуддаги 42-умумтаълим мактабида, 1-сонли оилавий поликлиникада ҳам ходимлар билан мулоқотлар уюштирилиб, сайлов қонунчилиги юзасидан кенг маълумотлар берилди.
Тадбир давомида сайлов қонунчилигига доир тарғибот материаллари тарқатилди. “Сайлов тарғиботи ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар вилоят бўйлаб давом этади.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА