Мен вазифамни бажардим, холос…
Коронавирус билан касалланган беморларни даволашга менинг навбатим келганида буни оддий ҳол сифатида қабул қилдим.
Коронавирус билан касалланган беморларни даволашга менинг навбатим келганида буни оддий ҳол сифатида қабул қилдим. Ўзимни вазифамни бажаришга киришаётган мутахассисдай ҳис қилдим, ундан ортиқ эмас.
Оиламдагилар ҳам касбимни жуда яхши тушунишади ва бу ерда 14 кун мобайнида, бугун кўпчиликни ўйлантираётган коронавирус билан хасталанган беморларни даволаш учун ишлашимга қаршилик қилишмади.
Мен юқумли касалликлар шифохонасида ишлайман, ахир.
Бошқа пайтларда ҳам эҳтиёткорлик ва юқори масъуллик билан фаолиятимизни амалга оширишим лозим. Чунки шифохонамиз ўз номи билан бошқа тиббиёт муассасаларига қараганда турли хасталиклар юқтириб олиш хавфи юқори бўлган муассаса саналади. Биз доимий равишда эҳтиёткорлик чоралари кўриш бўйича ўқув-семинарларда, амалий машғулотларда иштирок этганмиз.
Шунинг учун шифокорлар ўртасида хавотирга тушиб қолиш ҳолатлари содир бўлгани йўқ. Аммо беморлар орасида бироз қўрқув, ваҳимага тушиб қолиш бўлди. Уларга кўпроқ руҳий далда беришимизга тўғри келди. Муолажаларнинг барчаси аниқ талаблар асосида олиб борилди. Ҳаммаси юқори ташкилотчилик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилгани биз, тиббиёт ходимларига ҳам далда бўлди.
Машҳура АБДУҒАНИЕВА,
Самарқанд вилояти юқумли
касалликлар шифохонаси шифокори