“Мен - донорман!” акцияси ўтказилди
“Юксалиш” ҳаракатининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоят қон қуйиш маркази ҳамкорлигида “Мен - донорман!” акцияси ўтказилди.
Сўнгги йилларда юртимизда юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортмоқда. Шу боис, мамлакатимизда барча соҳалар каби донорлик тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 августдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарорида мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб берилган.
[gallery-19256]
– Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори ижроси доирасида “Юксалиш” ҳаракати томонидан жорий йилнинг 9−13 сентябрь кунлари ҳудудий қон қуйиш марказлари билан ҳамкорликда юртимизнинг барча ҳудудларида “Мен-донорман!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилмоқда, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Андижон ҳудудий бўлими раҳбари Диёрбек Турғунов. – Жумладан, мазкур акция Андижонда ҳам уюшқоқлик ва юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Андижон вилояти қон қуйиш марказида ўтказилган акцияда вилоят ташкилотлари ходимлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари, олий таълим муассасалари талабалари, умуман, акцияга бефарқ бўлмаган кўнгиллилар иштирок этди. Улардан 10 литрдан ортиқ қон олинди. Албатта, олинган ушбу қон кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш, хаста ётган қайсидир юртдошимизнинг соғайиб кетишига асқатади. Қолаверса, хаста инсонларга кўмак бериш эса хайрли ва савобли ишдир.
Ўтказилган акция жамиятда донорлик маданиятини шакллантириш, аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришга, шу билан бирга, мунтазам донорлар сонининг кўпайишига хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари