Меҳр ва ишонч маскани
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан йўлга қўйилган кундузги парвариш хизматлари ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Ушбу хизматлар орқали болалар махсус мутахассислар назоратида реабилитация, ривожлантирувчи машғулотлар ва ижтимоий мослашув дастурлари билан қамраб олинса, ота-оналарнинг меҳнат қилиш, касб ўрганиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Бухоро шаҳрида тадбиркор Дилбар Ядгорова ташаббуси билан ташкил этилган “Файзли меҳрли қалблар” кундузги парвариш маскани бугун ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётган муассасалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда марказда 15 нафар ногиронлиги бўлган бола кундузги парвариш, реабилитация ва ривожлантирувчи хизматлар билан қамраб олинган.
Марказда болаларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилашга қаратилган турли машғулотлар мунтазам ташкил этилади. Малакали мутахассислар томонидан кўрсатилаётган тиббий ва реабилитацион хизматлар натижасида болаларнинг соғлиғи мустаҳкамланиб, уларнинг мустақил ҳаёт кўникмалари шаклланиб бормоқда.
Шундай болалардан бири Мирфайзжон Шарафовдир. Илгари унинг барча парвариши онаси Рисолат опанинг зиммасида бўлиб, фарзандининг ҳолати туфайли у деярли бутун вақтини унинг ёнида ўтказар эди. Бу эса бошқа фарзандлар тарбияси ва шахсий ривожланиш учун вақт ажратиш имкониятини чеклаб қўярди.
Мирфайзжон кундузги парвариш марказига қатнай бошлагач, унинг ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди. Мутахассислар билан олиб борилган машғулотлар натижасида боланинг соғлиғи яхшиланиб, нутқ ривожланишида ҳам ижобий силжишлар қайд этилди. Энг муҳими, у янги муҳитга мослашиб, тенгдошлари билан мулоқот қилишни ўрганди.
Бу ўзгаришлар Рисолат опанинг ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Энди у нафақат фарзандининг парвариши билан шуғулланмоқда, балки бошқа фарзандларига ҳам кўпроқ эътибор қаратиш имкониятига эга бўлди. Оиладаги маънавий муҳит яхшиланиб, келажакка бўлган ишонч янада мустаҳкамланди.
Кундузги парвариш хизматларининг аҳамиятини Бухоро шаҳридаги Чорбахосса маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин. Маҳаллада истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оилалари ҳолати ижтимоий ходимлар томонидан мунтазам ўрганилиб, эҳтиёжмандларга манзилли кўмак кўрсатилмоқда.
Шундай оилалардан бири Аюбжон Қурбоновнинг оиласидир. Зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси олингандан сўнг, Аюбжон кундузги парвариш хизматларига жалб этилди. Натижада боланинг ривожланиши учун янги имкониятлар яратилди, унинг онаси эса меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконига эга бўлди.
Бугунги кунда у маҳаллада ишлаб, оила даромадига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу эса оиланинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, турмуш даражасини яхшилаш ва келажак режаларини ишонч билан белгилашга хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, кундузги парвариш хизматлари ногиронлиги бўлган болаларнинг мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва жамиятга мослашувини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, бу хизматлар ота-оналарнинг руҳий зўриқишини камайтириб, уларнинг меҳнат бозорида фаол иштирок этишига шароит яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири