Ижтимоий хизматлар қамрови кенгаймоқда
Сирдарё вилоятида ижтимоий хизматлар тизими орқали аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида ижтимоий хизмат ва ёрдамлар бўйича келиб тушган 80 минг 656 та мурожаат кўриб чиқилиб, улар асосида 59 минг 729 та ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатилди.
– Бугунги кунда вилоятда 5 минг 214 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро аниқланган. Уларнинг асосий қисмини меҳнат миграциясига кетган ота-оналар фарзандлари, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бўлим мудири Фарҳод Норинбердиев.

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда истиқомат қилаётган 39 минг 851 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида 750 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланишига кўмаклашилди. Шунингдек, 602 нафар шахс параспорт машғулотларига жалб этилди, 948 нафар фуқаро реабилитация хизматлари билан қамраб олинди. Уларга 1 минг 489 та реабилитация воситаси ва протез-ортопедия маҳсулотлари етказиб берилди.

Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда 308 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола, 2 минг 504 нафар меҳнат миграциясига кетган ота-оналар фарзанди ижтимоий кузатув ва қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олинган. Шу билан бирга, 174 нафар бола инклюзив таълим ва ривожлантириш хизматларига жалб этилган.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 1 минг 440 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилди. Туман ва шаҳарларда ташкил этилган 10 та “Бирламчи кўмак” хонаси орқали уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик хизматлар кўрсатилмоқда.

Ўзгалар парваришига муҳтож 565 нафар ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс доимий ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Уларнинг 348 нафарига қонунчиликда белгиланган тартибда компенсация тўловлари тайинланган.
Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг муҳим механизмларидан бири бўлган “Ижтимоий реестр” ахборот тизими орқали 16 минг 537 та оила давлат ижтимоий ёрдамларидан фойдаланмоқда. Шундан 13 минг 969 таси болалар нафақаси, 890 таси эса моддий ёрдам олувчи оилалар ҳисобланади. Йил бошидан мазкур оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 7,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 минг 467 та ҳолат бўйича ёрдам кўрсатилди. Бу мақсадлар учун 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
– Манзилли ижтимоий хизматларни янада самарали ташкил этиш мақсадида кейс-менежмент тизими жорий этилган. Ушбу тизим орқали 2 минг 318 та оила бўйича ижтимоий кейс шакллантирилиб, улар учун 7 минг 38 та хизмат ва ёрдам тури белгиланган. Ҳозирга қадар мазкур хизматларнинг 4 минг 228 таси амалда кўрсатилди, – деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ҳожиакбар Остонақулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири