Меҳр, шукроналик ва инсон қадри улуғланган улуғ айём
Жиззах вилоятида ҳам Қурбон ҳайити айёми алоҳида тайёргарлик ва юксак савияда ташкил этилди. Вилоятдаги 169 та жоме масжидида тонг саҳардан такбиру таҳлиллар садоси янгради. Яратганга шукроналар айтиб, эл-юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, осмонимиз мусаффолиги учун дуолар қилинди. Бу йил ҳайит намозларида 70 мингга яқин жиззахлик юртдошларимиз иштирок этишди.
Масжидларда намозхонлар учун барча қулайликлар яратилди. Таҳоратхоналар иссиқ сув билан таъминланди, ички ишлар, Миллий гвардия, тиббиёт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тонгданоқ сафарбар этилди. Бу хайрли ишлар сабаб минглаб юртдошларимиз ҳайит намозини осойишталик ва хотиржамликда адо этиш бахтига муяссар бўлишди.
— Қурбон ҳайити инсон қалбини поклайдиган, меҳр-мурувватни зиёда қиладиган буюк маънавият мактабидир.
Аллоҳга беҳисоб шукурлар бўлсинки, халқимиз бугун тинч ва осуда юртда эркин ибодат қилмоқда. Қурбон ҳайити — бу фақат байрам эмас, бу — қалб тарбияси, инсонни инсонга яқинлаштирадиган улуғ айёмдир. Бу кунда гина-кудуратлар унутилади, аразлашганлар ярашади, муҳтожлар ҳолидан хабар олинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаати тегадиганидир” деб марҳамат қилганлар. Шу боис ҳайит кунларида қилинган ҳар бир яхшилик, ҳар бир эҳсон аллоҳ даргоҳида улуғ ажрга сабаб бўлади, — деди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов.
[gallery-29665]
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда диний қадриятларга бўлган эътибор мутлақо янги босқичга кўтарилди. Масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар обод қилинмоқда, мусулмонлар учун барча шароитлар яратилмоқда. Бу эса халқимиз қалбида шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.
Айниқса, бу йил муқаддас Ҳаж сафари билан боғлиқ яратилган имкониятлар мўмин-мусулмонларнинг қувончини икки ҳисса оширди. Бугунги кунда юртимиздан 15 мингдан зиёд ватандошимиз Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада Ҳаж амалларини адо этмоқда. Жиззах вилоятидан ҳам 650 га яқин ҳожи муқаддас заминда ибодат қилмоқда.
Меҳмонхон Жабборовнинг айтишича, давлат раҳбарининг ҳожилар ҳолидан шахсан хабар олгани бутун мусулмон аҳли қалбида беқиёс ифтихор уйғотган.
— Муҳтарам Президентимизнинг муфтий ҳазратларига қўнғироқ қилиб, ҳожиларимизнинг саломатлиги ва шароити билан қизиққанлари халқимизга бўлган юксак меҳр ва эътиборнинг амалий ифодасидир. Аллоҳга шукур, ҳожиларимиз энг замонавий меҳмонхоналарга жойлаштирилган, шифокорлар уларнинг саломатлигини кечаю кундуз назорат қилмоқда. Ҳожиларимиз билан доимий мулоқотдамиз. Улар муқаддас заминда туриб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Президентимиз ҳақига самимий дуолар қилишмоқда. Бу — Янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар улуғланаётганининг ёрқин далилидир.
Қурбон ҳайитининг асл моҳияти, аввало, саховат ва инсонпарварликда намоён бўлади. Бу йил Жиззах вилоятида байрам арафасида кенг кўламли хайрия ва эҳсон тадбирлари амалга оширилди.
Хусусан, вилоятдаги 172 та масжид, 42 та зиёратгоҳ ва 465 та қабристонда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. “Саховат” ва “Мурувват” уйларига 34 миллион 600 минг сўмлик моддий ёрдам етказилди. Шунингдек, 1997 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексаларга 675 миллион 600 минг сўмлик хайрия кўмаги берилди. 363 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва нуронийларга 113 миллион 720 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали, саховатпеша тадбиркорлар, имом-хатиблар ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида минглаб хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳайит совғалари етказилди.
— Халқимизда “Саховат — кўнгил чироғи” деган пурмаъно ҳикмат бор, — дейди Меҳмонхон Жабборов. — Қурбонлик қилиш фақат ибодат эмас, балки ижтимоий масъулият ҳамдир. Шунинг учун бу муборак кунларда муҳтожларга қўл узатиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, беморларга далда бериш — энг улуғ савоб ишлардандир.
Бугун вилоятдаги барча имом-хатиблар маҳаллаларга кириб, ёлғиз кексалар, беморлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олмоқда. Дори-дармонлар, кундалик эҳтиёж маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Бу эса халқимизга хос меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатларининг амалдаги ифодаси бўлмоқда.
— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-шафқатда худди бир тана кабидирлар” деганлар, — дейди бош имом-хатиб. — Бугун маҳаллаларимизда ана шу ҳадиси шарифнинг ҳаётий ифодасини кўряпмиз. Бир хонадонда дард бўлса, бутун маҳалла унинг ташвишига шерик бўлмоқда. Иншооллоҳ, ана шу ҳамжиҳатлик халқимизни янада бирлаштиради.
Қурбон ҳайити ёш авлод тарбиясида ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Байрам кунлари ёшлар ҳайит совғаларини тарқатиш ишларида фаол қатнашиб, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварликнинг ҳаётий сабоқларини ўрганмоқда.
— Ёшларимиз инсонларга яхшилик қилишнинг нақадар улуғ бахт эканини амалда ҳис қилиб улғаймоқда, — дейди Меҳмонхон Жабборов. — Қалбида меҳр бор инсондан ёмонлик чиқмайди. Қурбон ҳайити ёшларни бағрикенгликка, кечиримли бўлишга, муҳтожларга елкадош бўлишга тарбиялайди. Бу эса келажагимиз мустаҳкамлиги демакдир.
Муборак айём кунларида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадри янада теран англанади. Чунки хотиржам юртда ибодат қилиш, оила бағрида ҳайитни шоду хуррамлик билан нишонлаш — буюк неъмат.
— Аллоҳ таоло юртимизни тинчликдан, халқимизни меҳр-оқибатдан айирмасин, — дейди Меҳмонхон Жабборов. — Келинг, бу муборак кунларда бир-биримизга меҳр кўрсатайлик, аразларни унутайлик, кексаларимиз дуосини олайлик. Зеро, инсон қадрини улуғлаш — Ислом динининг энг олий мезонидир. Аллоҳ қилган ибодатларимиз ва эҳсонларимизни даргоҳида қабул айласин!
Қурбон ҳайити бу йил ҳам юртдошларимиз қалбида эзгуликка ишончни, шукроналик ва бағрикенглик туйғуларини янада мустаҳкамлади. Яратганга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, инсон қадри улуғланаётган, меҳр-оқибат ва саховат муҳити қарор топаётган Янги Ўзбекистонда бундай муборак айёмлар халқимизни эзгу мақсадлар сари янада бирлаштирмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири