Меҳр-оқибат ва саховатга йўғрилган айём
Тошкент вилоятида Қурбон ҳайити чинакам байрамона шукуҳ ва шукроналик саодати билан нишонланмоқда. Айём муносабати билан бугун эрта тонгдан вилоятдаги 222 та масжидда ҳайит намозлари адо этилди.
Ушбу ибодатларда ҳудуд бўйича 398 минг нафардан зиёд ҳамюртларимиз иштирок этиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва дастурхонларимиз тўкинлиги учун дуолар қилинди. Мазкур айём арафасида Президентимиз ташаббуси билан меҳр-саховат тадбирлари ҳам кенг ташкил этилди.

Жумладан, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, “Оилавий болалар уйи”, “Мурувват” ва “Саховат” масканларига моддий кўмаклар етказилди.

Бундан ташқари, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан байрам муносабати билан 15 мингга яқин оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Айём олдидан вилоятдаги 157 та муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар, шунингдек, 1111 та қабристон ҳудудида ободонлаштириш ва тозалаш ишлари амалга оширилди.


Ҳайит намозлари ва байрам тадбирларини юқори савияда, осойишталик ва хавфсизлик муҳитида ўтказиш мақсадида ҳокимликлар, тегишли ташкилотлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳудудлардаги жоме масжидларга бириктирилди. Зангиота мажмуасида бўлиб ўтган ҳайит намозида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам иштирок этиб, йиғилганларни улуғ айём билан самимий табриклади.
А. Мусаев, ЎзА