Маданият мактабида мусиқа чолғулари етишмайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ойдин Абдуллаева Янгийўл шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти ихтисослаштирилган маданият мактаби фаолиятини ўрганди.
400 ўринга мўлжалланган мазкур таълим муассасасида икки йиллик ўрта махсус таълим йўлга қўйилган.
Ўрганишлар давомида мактаб биноси сўнгги марта 1999 йилда таъмирлангани маълум бўлди. Шунингдек, таълим жараёни учун мусиқа чолғулари етишмаслиги аниқланди. Нота адабиётлари, ўқув ва услубий қўлланмалар билан таъминлаш даражаси ҳам талабга жавоб бермайди.

Муассасанинг моддий-техник базасига оид айрим жиҳоз ва анжомлар жамоатчилик ташаббуси асосида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали харид қилинган.

Муассасадаги камчиликларга қарамасдан педагоглар томонидан таълим сифати юқори даражада таъминланмоқда. Хусусан, бир ўқув йили давомида 100 га яқин концерт дастурлари тайёрланиб, кенг жамоатчиликка намойиш этилган. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг бир қисми республика ва халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган.

Таълим муассасасига қарашли ётоқхона эса таъмирталаб ҳолатга келиб қолган, канализация тизими ишдан чиққан. Шунингдек, ётоқхона учун зарур жиҳозлар маънан эскирган бўлиб, уларни янгилашга эҳтиёж мавжуд.
Учрашув давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар депутат назоратига олинди.
М.Комилова,
ЎзА