Меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик байрами
Бухоро вилоятида муборак Қурбон ҳайити байрами миллий ва диний қадриятларимизга хос юксак руҳ, эзгулик ва саховат муҳитида кенг нишонланмоқда. Муқаддас айём муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида хайрия тадбирлари, маънавий-маърифий учрашувлар ҳамда ободонлаштириш ишлари ташкил этилди.
Бу йилги Қурбон ҳайити мамлакатимизда Президентимизнинг 2026 йил 18 мартдаги “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида алоҳида кўтаринки кайфият ва юқори савияда ўтказилмоқда. Айниқса, Бухоро каби азалий ислом маданияти марказларидан бири бўлган ҳудудда ушбу муборак кунлар халқнинг бағрикенглиги, меҳр-муруввати ва бирдамлигини яна бир бор намоён этмоқда.
Эрта тонгданоқ вилоятдаги 107 та жоме масжидда ҳайит намози адо этилди. Ушбу ибодатларда 145 мингдан ортиқ намозхон иштирок этди.

Ҳайит намозларини муносиб ўтказиш мақсадида масжидларда барча шароитлар яратилди. Масжидлар ва уларнинг атроф-ҳудудлари ободонлаштирилиб, тозалик ва тартиб ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Намозхонлар учун қулай муҳит яратилиши байрамнинг файзу баракасини янада оширди.
Муборак айём муносабати билан бухоролик уламолар, имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, фахрийлар ва жамоат фаоллари томонидан юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун самимий дуолар қилинди. Маърузаларда инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат каби қадриятларни асрашнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Қурбон ҳайити нафақат ибодат, балки саховат ва инсонпарварлик айёми сифатида ҳам кенг нишонланади. Айниқса, хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша ҳомийлар томонидан кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган инсонлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, “Мурувват” уйларида ҳам хайрия тадбирлари ташкил этилиб, кекса ва ногиронлиги бўлган инсонларга меҳр ва эътибор кўрсатилди. Улар учун дастурхонлар ёзилиб, совғалар топширилди. Бу каби эзгу ишлар халқимизга хос инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик фазилатларининг ёрқин намунаси бўлди.
Муқаддас қадамжолар ва қабристонларда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ҳам байрам арафасидаги муҳим хайрли тадбирлардан бирига айланди. Зиёратгоҳлар тартибга келтирилиб, атроф-муҳит обод қилинди. Бу ишлар халқимизнинг муқаддас масканларга бўлган юксак ҳурмати ва аждодлар хотирасига эҳтиромини яна бир бор намоён этди.
Қурбон ҳайити каби муборак байрамлар жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бирдамликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак бериш халқимиз маънавиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Бухорода нишонланаётган Қурбон ҳайити тадбирлари ҳам ана шу эзгу қадриятларнинг амалий ифодаси бўлмоқда. Бу муборак кунлар инсонларни янада яқинлаштириб, қалбларга меҳр, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини улашмоқда.
Қурбон ҳайити нафақат диний байрам, балки халқимизнинг азалий анъаналари, инсонийлик ва саховат каби юксак фазилатларини улуғловчи муқаддас айём сифатида Бухоро аҳли ҳаётида яна бир унутилмас саҳифага айланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари