Хоразмда Қурбон ҳайити намози ўқилди
Бугун тонгда мамлакатимиздаги барча жоме масжидлари ва зиёратгоҳлар юртдошларимиз ва зиёратчилар билан тўлиб-тошди. Қалбларда қувонч, тилларда шукроналик билан халқимиз улуғ айём Ҳайит намозини адо этди.
Хоразм вилоятида ҳам Қурбон ҳайити намози ўз вақтида, барча ҳудудлардаги 93 та масжидларда юқори кайфият ва тартиб-интизом билан адоэтилди.

- Ислом динида ҳайит намози вожиб амал ҳисобланади, - дейди 90 ёшли меҳнат фахрийси Ҳожибой Отаниёзов. – Куни кеча Президентимиз халқимизга ўз табригини йўллади. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Бугун ҳали қуёш бош кўтармай туриб, масжидлар томон талпинаётган юртдошларимизнинг юзидаги табассум ва файз байрамнинг асл руҳини намоён этди. Миллий либосларимизни кийган отахонлар, ёшлар ва болажонларнинг масжидлар сари одимлаши юртимиз кўчаларига ўзгача шукуҳ бағишлади.
Намоз бошланишидан аввал уламолар ва имом-хатиблар томонидан ушбу улуғ куннинг фазилатлари, Ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, ота-онага ҳурмат ва ўзаро меҳр-оқибат каби эзгу ғоялари ҳақида маърузалар қилинди.
Қурбон ҳайити бу нафақат байрам, балки гина-қудратларни унутиш, муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ва яқинларга қувонч улашиш айёмидир. Шу сабабдан давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига биноан вилоятда байрам арафасида саҳоват ишлари олиб борилди.
Мисол учун вилоятда ижтимоий ҳимоя муҳтож бўлган 343 нафар болаларнинг омонат ҳисобрақамларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти ажратилиб ваучерлар тарқатилди.
Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида, ҳар бир хонадонида байрам дастурхони ёзилган. Тандирлардан узилган иссиқ нонлар, пиширилган миллий таомлар ва ширинликлар байрамга ўзгача файз бағишламоқда. Болажонларнинг қувончи, отахону онахонларнинг дуога очилган қўллари юртимиз устига илоҳий барака ёғилишидан дарак беради.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири