Меҳр-мурувватга йўғрилган байрам
Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида туманда истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахслар учун байрам дастурхони ёзилди.
Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний мафаатларини таъминлаш ишлари янги босқичга кўтарилди.
Айни пайтда туманда 1 минг 631 нафар ногиронлиги бўлган шахслар яшайди, шундан 371 нафари 18 ёшгача, 1 минг 260 нафари катта ёшдаги фуқаролардир.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслардан 30 нафарига ногиронлик аравачаси, 24 нафарига эшитиш мосламаси, 9 нафарига қўлтиқтаёқ, 12 нафарига ҳасса, 3 нафарига юрувчи мослама каби реабилитация воситалари етказиб берилди.
[gallery-9835]
Жорий йил давомида тумандаги 330 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқароларга саховат ва кўмак жамғармаси томонидан 505 миллион сўмлик пул ажратилди. Тумандаги ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга олиниб, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Байрам арафасида ушбу ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, саховатпеша инсонлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Бундан ташқари, вилоятда ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тиббий, ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган оммавий-маданий, хайрия тадбирлари декабрь ойи охиригача давом этади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА