Меҳр кўрсатган, меҳр кўради
Инсон ёши улғайгани сайин кексалик даврини мароқли ўтказишни истайди.
Кимдир кексайганида кўзига нур, белига қувват бўлгувчи фарзандлари борлигидан қувонса, яна кимдир банкдаги ҳисоб рақамидаги пуллари кексаликда асқатишини ўйлаб ўзини овутади.
Тақдир тақозоси туфайли орамизда оила қурмаган, фарзандлари, яқинлари йўқ ёлғиз кексалар ҳам бор. Хўш, ана шундай якка-ёлғиз кексаларга ким қарайди? Уларнинг оғирини енгил қилувчи, холидан хабар олувчи одамлар борми?
Маълумотларга кўра, бугунги кунда якка-ёлғиз қарияларга республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида тиббиёт бирлашмасининг ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа қатламларига тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан кўмак берилади. Бундай кексалар икки тоифага бўлинади. Биринчи тоифага ўзгалар парваришига муҳтож, ҳеч кими йўқ кексалар ва ногиронлар кирса, иккинчи тоифадагилар ўзгалар парваришига муҳтож (яқинлари вақтинчалик хорижда ёки жазони ижро этиш муассасасида бўлган) ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлардан иборат.
Биринчи тоифадаги кексаларга давлат томонидан ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари бепул берилади. Иккинчи тоифадагиларга эса, асосан, ҳомийлар томонидан ёрдам кўрсатилади. Иккала тоифадаги қарияларга ҳам ижтимоий ходимлар бириктирилиб, уларга амалий кўмаклашилади. Қонунан ҳафтасига икки марта, пенсионер хоҳишига кўра, 3-4 марта ҳам кўмак кўрсатилиши мумкин.
Якка-ёлғиз яшовчи қарияларни аниқлаш тартиби қандай?
–Бундай кексалар ҳақида қўшниси ёки танишлари туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига хабар бериши мумкин,– дейди Бектемир тумани, “Мажнунтол” МФЙ раиси ўринбосари Дилдора Мустафоқулова.– Мурожаатдан сўнг маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси аъзолари бундай қарияларни рўйхатга олиш масаласини ўрганиб чиқишади. Ёлғиз кексанинг ҳолати белгиланган мезонларга тўғри келса, туман ёки шаҳар ҳокими қарор чиқариб, унга штат асосида ишлаётган ижтимоий ходим бириктирилади. Айни пайтда маҳалламизда бир нафар якка-ёлғиз қария бор. Ли Маргарита Петровна исмли қариянинг ҳеч кими йўқ. Аммо соғлом, ўзини-ўзи эплайди. Ундан ҳомийлар, депутатлар тез-тез хабар олиб туришади.
Мутахассисларнинг маълумот беришича, якка-ёлғиз қарияларга бириктирилган ижтимоий ходим қариянинг уйини тозалаш, бозор-ўчарларини қилиш, шифокор рецепти асосида дори-дармон олиб беришда кўмаклашади. Қариялар касалхонага ётқизилганда доимий хабар олиб туради. Ёлғиз кексаларнинг хоҳишига қараб, бир йилда бир маротаба дам олиш оромгоҳига бепул йўлланма берилади.
Бундан ташқари, шифокор тавсияси асосида эшитиш мосламаси, ҳасса, қўлтиқтаёқ, ногиронлар аравачаси ҳам олиб берилади.
Ижтимоий ходимлар ва якка-ёлғиз кексалар суҳбатидан шуни сездикки, юртимизда ҳеч бир инсон эътиборсиз ҳамда ғамхўрликсиз қолмайди. Бундай кексалар айримларининг фарзандлари борлигини, улар маҳаллада яшаб туриб, ота-онасини давлат гарданига ташлаб қўйганини ҳам эшитдик. Аслида ота-онага ғамхўрлик қилиш фарзанднинг қонуний бурчи ҳисобланади. Маҳалла фаоллари бундай фарзандлар билан қайта-қайта тушунтириш ишлари олиб боришига қарамай, ўз ота-онасидан воз кечиш ҳақида тилхат ҳам ёзиб бергани ҳақидаги тафсилотларни куюниб сўзлаб беришди. Кексалик барчамизнинг қисматимизда бор. Ҳадемай, кўзимиздан нур, белимиздан куч-қувват кетадиган паллага етганимизни сезмай ҳам қоламиз. Шу сабаб, ҳозир уларга меҳр кўрсатсак, биз ҳам меҳр кўрамиз.
Нигора Раҳмонова, ЎзА