Меҳнатидан шуҳрат топган муаллим
Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Аҳмадқул Тилагов меҳнати ортидан шуҳрат топган устозлардан.
Ахмадқул Тилагов 1966 йилда Жиззах вилояти Зомин тумани “Ўрал” қишлоғида ўқитувчи оиласида таваллуд топди. Шу қишлоқдаги 17-сонли 8 йиллик мактабни, сўнгра шу тумандаги 3-сонли ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлади.
Отаси Абдуазим ака умрини ўқитувчилик касбига бағишлаганиданми, Аҳмадқул ҳам ота изидан бориб, Жиззах давлат педагогика институти математика факультетига ўқишга кирди ва олийгоҳни 1989 йил тамомлаб, меҳнат фаолиятини тумандаги ўрта мактабда математика ва физика фани ўқитувчилигидан бошлади.
[gallery-5338]
– Бир куни ярим тунда қўшни қишлоқдаги мактабдан ишдан қайтганимда, раҳматли отам ухламай ўтирган эканлар, ёнларига чорлади, – дейди Аҳмадқул Тилагов. – Ака-укаларинг орасида сенинг иқтидоринг бошқачадек назаримда, қишлоқ мактабидаги ўқитувчининг ишини кўряпсан, йилнинг ярмини далада, пахтада ўтказяпти. Бу ерда талантингни намоён эта олмайсан, шаҳарга бор, ривожлан, биз сен билан фахрланайлик, дея маслаҳат бердилар.
Отасининг маслаҳати билан Аҳмадқул Тилагов 1990 йилдан мана бугунги кунга қадар Жиззах шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида математика фанидан ёшларга сабоқ бериб келмоқда.
Шу йили у Бувгилос билан турмуш қурди. Турмуш ўртоғи ҳам Жиззах давлат педагогика институти академик лицейининг математика фани ўқитувчиси.
1991 йил Тилаговлар оиасида тўнғич фарзанд – қизлари Фарангиз дунёга келди. Фарангиз ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясининг 3-босқич ординанти. Ўғли Азамат Жанубий Кореядаги Инха университети магистранти. Яна бир қизи Фарзона Тошкент Молия институтининг магистратура босқичида таҳсил олмоқда.
Ота ўгитини олган кам бўлмайди, деганларидек, кечагина ўқитувчилик фаолиятини бошлаган Аҳмадқул Тилаговнинг иш бошлаганига бугун 33 йил бўлибди.
Зоминнинг энг чекка қишлоғидан келган ёш йигит бугун вилоятнинг энг тажрибали ва фидойи педагогларидан. У иш фаолияти давомида серғайрат, интилувчан, меҳнатсевар, ўз касби ва болаларни жон дилидан севувчи моҳир педагог сифатида ўзини кўрсата олди.
Ўтган йиллар давомида Аҳмадқул Тилагов ўз мутахассислигини пухта эгаллади, тинмай ишлади, изланди.
Унинг ўқувчилари йиллар давомида фан олимпиадаси ва турли кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Педагог 2010-2011 ўқув йилида математика фанидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик танловининг шаҳар, вилоят босқичида ғолиб бўлиб, республика босқичида фаол иштирок этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги дипломи билан тақдирланди.
Тажрибали муаллим фаолият олиб бораётган ушбу илм даргоҳида унинг ташаббуси билан 2017-2018 ўқув йилидан буён математика фанидан иқтидорли ўқувчилардан ташкил топган “Кичик академия” фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу “Кичик академия” ишлари республика “Умумтаълим фанлари методикаси” маънавий-маърифий, илмий, методик нашрида 2018 йил январь ойи сонида оммалаштирилди.
Шу сабабдан ҳам А.Тилагов 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб шаҳар миқёсида математика фани бўйича тажриба-таянч мактаби етакчи тренер ўқитувчиси ҳисобланади.
– Қачонки шогирдларинг турли фан олимпиадаларида юқори ўринларни олиб, юрт равнақи, Ватан осойишталиги, илм-фан ривожи йўлида ўзлигини намоён этиб, “Таълим берган устозингга раҳмат!” деган сўзларни олиб берса, ана шунда ҳар қандай устоз ўз шогирдлари билан фахрланса, устоз, муаллим деган мақомга эга бўлибман, деса арзийди, – дейди Аҳмадқул Тилагов. – Шогирларим юзимни ерга қаратмади.
Айни пайтда, устоз “Мактаб математика дарсликларига киритилган ностандарт мисол ва масалаларни ечиш” ҳамда “Математика дарсларида интерфаол усулларни қўллаш” мавзулари устида илмий иш олиб бормоқда.
Талабчан ва меҳрибон устоз сифатида шогирдлари, таълим муассасаси жамоаси ва маҳалла аҳли ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йилги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан чиқарган фармонига асосан, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА