Меҳнати ортидан ҳурмат қозонган фидойи устоз
Инсон ҳаётда ўзининг қилган эзгу ишлари, орттирган обрў-эътибори ва тарбиялаган шогирдлари билан ёдда қолади. Айрим инсонлар борки, уларнинг бутун умри бир соҳа ривожи билан чамбарчас боғланиб кетади. Қаҳрамон Шодиев ана шундай фидойи, меҳнаткаш ва ўз касбининг ҳақиқий устаси эди.
У 1967 йил 27 августда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида таваллуд топган. 1984 йилда меҳнат фаолиятини Конимех туман автомобиль йўллари бўлимида оддий ишчи сифатида бошлаган. Қисқа вақт ичида интизоми, масъулияти ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб турган Қ.Шодиев йиллар давомида соҳанинг етук мутахассисига айланди.

Унинг меҳнат фаолияти Навоий вилояти автомобиль йўллари тизими билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, 1988-2002 йилларда йўл ишчиси ва йўл устаси сифатида самарали меҳнат қилди. Бу давр нафақат унинг касбий маҳоратини шакллантирди, балки устозлик фазилатларини ҳам намоён этди. У ўз билим ва тажрибасини ёшларга улашишни бурчи деб биларди.
Қаҳрамон Шодиев раҳбарлик фаолиятида ҳам ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилди. 2002-2015 йилларда Кармана йўл хўжалиги пудрат-таъмирлаш ва фойдаланиш давлат корхонасида турли масъул лавозимларда ишлаб, иш юритувчидан тортиб корхона директоригача бўлган йўлни босиб ўтди. У раҳбар сифатида тартиб-интизом, сифат ва самарадорликни асосий мезонга айлантирди.

2015-2023 йилларда эса Кармана туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида фаолият юритиб, асфальт-бетон заводи устасидан завод бошлиғигача кўтарилди. У ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва меҳнат унумдорлигини ошириш йўлида самарали ишлар қилди.
– 1998 йилдан буён йўл қурилиши соҳасида фаолият юритиб келаман, – дейди Кармана туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси раҳбари Зафар Ҳошимов. – Бу йўлдаги барча билим ва тажрибани устозимиз Қаҳрамон Шодиевдан ўрганганман. У киши иш юритиш, бошқарув ва касбнинг нозик жиҳатларини ўргатди. Бугунги кунда муассасанинг шаклланиши ва ривожида устознинг хизматлари беқиёс. У ҳар бир ходимни ўз ўрнига қўйиб, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланишни билган ҳақиқий раҳбар эди.

Фаолиятининг сўнгги йилларида ҳам у ўз касбига садоқат билан хизмат қилди. 2023-2025 йилларда Кармана туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасида йўл бўлими бошлиғи ва асфальт-бетон заводи раҳбари сифатида ишлаб, ўзининг бой тажрибаси билан жамоа ҳурматини қозонди.
Бироқ унинг энг катта бойлиги лавозим ёки ютуқлар эмас, балки шогирдлари эди. У юзлаб ёшларни йўл қурилиши соҳасига жалб қилди, уларга касб сирларини ўргатди ва ҳаётда ўз ўрнини топишларига йўл кўрсатди. Шу маънода, Қаҳрамон Шодиев нафақат мутахассис, балки ҳақиқий устоз мактабини ярата олган инсон эди.
– 1990 йилда марҳум устозим Қаҳрамон Шодиевнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлашлари туфайли шу соҳага кириб келганман, – дейди 219-йўл бўлими устаси Акмал Зулфиқоров. – У киши менга касбнинг барча сир-асрорларини, меҳнатнинг машаққатини ва шу билан бирга унинг нақадар шарафли эканлигини ўргатганлар. Мен ўзимни устозимнинг минглаб шогирдларидан бири деб биламан. Уларнинг сонини санаш қийин. Устозимиз ҳаётларининг сўнгги кунларига қадар ёшларга ўз тажрибасини ўргатишдан тўхтамади.
Бугун унинг шогирдлари турли лавозимларда самарали меҳнат қилиб, устоз йўлини давом эттирмоқда. Улар устоз ҳақида гапирганда, аввало унинг инсоний фазилатлари меҳрибонлиги, адолатпарварлиги ва талабчанлигини эслайди.
Бугун устознинг ёрқин хотираси унинг амалий ишлари ва тарбиялаган шогирдлари орқали яшамоқда. Чунки ҳақиқий устоз ҳеч қачон унутилмайди у барпо этган йўлларда, тарбиялаган инсонларда ва эзгу ишларида абадий яшайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири