Меҳнат низолари кўриб чиқилди
Жиззах вилоят суди ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг қўлланилиши, амалиётдаги муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечими мавзусида конференция ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари, Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши, прокуратура, адлия, солиқ, ички ишлар органлари, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ходимлари, банк вакиллари, хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни кўриш ўтган йилга нисбатан ошганлиги, ушбу тоифадаги қонунчиликни қўллашда, ходимларни ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказиш ва шунга ўхшаш меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда муайян қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги слайдлар орқали иштирокчиларга етказилди.
Хусусан, 2024 йилда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва туман судлари томонидан меҳнат низоларига доир жами 703 та фуқаролик ишлари кўрилган. Шундан, 442 та даъво аризалар қаноатлантирилган, 146 таси рад этилган, 94 таси кўрмасдан қолдирилган ва 21 таси иш юритиш давомида тугатилган.
2024 йил давомида меҳнат низоларига оид кўрилган ишлар юзасидан ходимларга ундирилган иш ҳақи, маънавий зарар ва бошқа тўловлар юзасидан 20 та фуқаролик иши ноқонуний буйруқ чиқарган мансабдор шахслардан регресс тартибда зарар ундириш ҳақида кўрилиб, ушбу фуқаролик ишлари бўйича мансабдор шахслардан жами 224 миллион 871 минг 62 сўм зарар ташкилотлар фойдасига ундириш белгиланган.
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унга тегишли ташкилотларга нисбатан ишга тиклаш, иш ҳақи ундириш ва бошқа меҳнат низолари бўйича жами 116 та ишлар кўрилган, – дейди Жиззах вилоят судининг судьяси Муродбек Зулфиқоров. – Шундан, 87 таси қаноатлантирилиб, 955 миллион 148 минг 352 сўм иш ҳақи, 45 миллион 411 минг 16 сўм мажбурий прогул учун ва 25 миллион 900 минг сўм маънавий зарар учун ундириш белгиланган.
Тадбирда тегишли ташкилот масъуллари томонидан меҳнат муносабатларида ходимга етказилган зарарларни қоплаш масаласи ҳамда меҳнат муносабатларида касаба уюшмаси иштироки ҳақида сўз юритилди.
[gallery-21886]
Конференцияда барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, меҳнат низоларининг олдини олиш юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Тадбир якунида қонунчиликни қўллашда келиб чиқаётган айрим тушунмовчиликларга доир саволларга судьялар томонидан батафсил жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА