Меҳнат муносабатлари презумпцияси – ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлайди
Ижтимоий-меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ходим умумий мақсад йўлида фаолият юритишига қарамай, уларнинг манфаатлари ўртасида муайян қарама-қаршилик учраб туради. Шундай пайтда меҳнат ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?
Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи шуъбаси мудири, юридик фанлар доктори, доцент Шуҳратжон Исмоилов шу ҳақда маълумот берди:
– Бундай манфаатлар тўқнашуви кўп ҳолларда меҳнат низоларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Айниқса, эркин иқтисодий муносабатлар шароитида иш берувчининг фойда олишга интилиши ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этиш масаласини иккинчи даражага тушириб қўйиши мумкин.
Қайд этиш лозимки, республика судларида меҳнат низолари сони ортиб бормоқда. Бу эса меҳнат низоларини кўриш сифатини ошириш, суд амалиётини бирхиллаштириш ва ушбу тоифадаги ишларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан Олий суд раёсати томонидан меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2026 йил 1 августдан фуқаролик ишлари бўйича судларнинг мавжуд штат бирликлари доирасида меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолияти бошланди.
Бундай қарор қабул қилинишига меҳнат низолари сонининг ортиши билан бир қаторда, айрим тоифадаги низолар бўйича ягона суд амалиётининг шаклланмагани ва мураккаб меҳнат низоларининг кўпайиши ҳам таъсир кўрсатган.
Ана шундай мураккаб низолардан бири – ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилмаган ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома шаклида расмийлаштирилган муносабатларни меҳнат муносабатлари деб топиш билан боғлиқ низолардир.
Янги Меҳнат кодекси 11-моддаси учинчи қисмида ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни амалда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқлангани белгиланди. Мазкур императив норма меҳнат муносабатларини фуқаролик-ҳуқуқий шартнома орқали расмийлаштириш ёки умуман расмийлаштирмаслик ҳолатларига барҳам беришга қаратилган.
Чунки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома орқали муносабатларни расмийлаштириш натижасида иш берувчининг меҳнат таътили, иш вақти чекловлари, кафолат ва компенсация тўловлари ҳамда бошқа ижтимоий кафолатларни таъминлашга доир мажбуриятлари четлаб ўтилиши мумкин.
Натижада ходимнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланганлик даражаси пасаяди. Шу боис муносабатларнинг қайси шаклда расмийлаштирилганидан кўра, уларнинг амалдаги мазмуни ва хусусиятларини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
Презумпция деганда ҳуқуқда муайян ҳолат ёки фактни, унинг акси исботлангунига қадар, ҳақиқат деб ҳисоблашга асос бўладиган ҳуқуқий тахмин тушунилади. Ҳуқуқ назариясида айбсизлик презумпцияси, айбдорлик презумпцияси ва меҳнат муносабатлари презумпцияси каби турлари маълум.
Меҳнат муносабатлари презумпцияси – ишни шахсан бажариш, иш берувчининг раҳбарлиги ва назорати остида меҳнат қилиш, ички меҳнат тартибига бўйсуниш ҳамда меҳнат функциясини ҳақ эвазига амалга ошириш каби белгилар мавжуд бўлганда, тарафлар ўртасида меҳнат муносабатлари мавжуд деб ҳисоблашга асос бўладиган ҳуқуқий тахминдир.
Унинг асосий мақсади – иш берувчининг меҳнат шартномаси ўрнига фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиши орқали ходимни меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий кафолатлардан маҳрум этишининг олдини олишдир.
Меҳнат муносабатларининг ҳақиқий мавжудлигини аниқлашга оид муҳим халқаро стандартлар Халқаро меҳнат ташкилотининг 2006 йилда қабул қилинган “Меҳнат муносабатлари тўғрисида”ги 198-сонли тавсиясида белгиланган. Унда меҳнат муносабатларини аниқлашда ишнинг бошқа тарафнинг раҳбарлиги ёки назорати остида бажарилиши, ходимнинг ташкилот ташкилий тузилмасига интеграциялашуви, меҳнатнинг шахсан амалга оширилиши, муайян иш жойи ёки иш вақтининг мавжудлиги, муносабатларнинг доимийлиги, иш қуроллари ва материалларининг иш берувчи томонидан таъминланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг даврийлиги каби белгиларни ҳисобга олиш тавсия этилган.
Ўзбекистон меҳнат қонунчилигида ҳам меҳнат муносабатларининг ҳақиқий мазмунини аниқлашга қаратилган қоидалар белгиланган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 26 ва 33-моддалари фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида юзага келган муносабатларни муайян ҳолатларда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этиш масаласини суд ваколатига берган.
Меҳнат кодексининг 11-моддаси иккинчи қисми ва 103-моддасида меҳнат муносабатларига хос белгилар ҳам белгиланган. Жумладан, ходим меҳнат вазифасини ҳақ эвазига шахсан бажаради, ички меҳнат тартибига бўйсунади, иш берувчининг раҳбарлиги ва назорати остида ҳаракат қилади. Ўз навбатида, иш берувчи шартномада назарда тутилган ишни бериши, бажарилган меҳнат учун ҳақ тўлаши ва ходимни лозим даражадаги меҳнат шароитлари билан таъминлаши шарт.
Демак, муносабатларнинг фуқаролик-ҳуқуқий шартнома шаклида расмийлаштирилгани ўз-ўзидан уларни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар сифатида баҳолаш учун етарли асос эмас. Агар амалда ходимнинг иш берувчига ташкилий жиҳатдан бўйсуниши, меҳнат функциясини шахсан бажариши, ички меҳнат тартибига риоя қилиши, иш берувчининг раҳбарлиги ва назорати остида ишлаши каби белгилар мавжуд бўлса, суд муносабатларнинг ҳақиқий ҳуқуқий табиатига баҳо бериши лозим.
Агар шахсий меҳнатдан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида юзага келган бўлса, бироқ белгиланган тартибда меҳнат муносабатлари деб эътироф этилса, уларга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қоидалари татбиқ этилади.
Шу нуқтаи назардан, меҳнат муносабатлари презумпцияси ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан тўғри ажратиш, иш берувчининг қонунчиликда белгиланган мажбуриятларини таъминлаш ҳамда суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантиришнинг муҳим ҳуқуқий воситасидир.
Норгул Абдураимова, ЎзА