Меҳнат муҳофазаси прокуратура назоратида
Прокуратура ташаббуси билан айрим соҳаларда қонунчиликни қўллашда ягона амалиётни шакллантириш бўйича идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Жумладан, Бухоро вилояти прокуратураси томонидан меҳнат вазифаларини бажараётган ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда жароҳатланиш ёки ўлим билан боғлиқ ҳолатларда етказилган зарарни тўлашда қонунчиликка риоя қилиниши аҳволи таҳлил қилинди.
Аниқланишича, 2020 ва 2021 йилларда ишлаб чиқаришда
вафот этган 19 нафар ходимнинг яқин қариндошларига 1,7 миллиард сўм бир йўла тўланадиган зарар ҳамда 22 та ҳолатда ойма-ой тўланиши лозим бўлган товон пуллари тўлаб берилмаган. Прокуратура аралашуви билан 1 миллиард сўмдан ортиқ пуллар ходимлар фойдасига ихтиёрий ундириб берилган ҳамда жабрланувчилар манфаатида 5 та ҳолатда 654 миллион сўмлик товон пулларини ундириш юзасидан судларга киритилган даъво аризалари тўлиқ қаноатлантирилган.
Шунингдек, Бандлик бош бошқармасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Давлат техник инспектори Б.Жумаев ёлланма ишчи С.Мирзоқуловнинг қурилиши тугалланмаган бинонинг 5 қаватидан лифт шахтасига йиқилиб вафот этганлиги ҳолати бўйича ўтказилган махсус текширувда далилларни қасддан қалбакилаштириб, ҳолатнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ эмаслиги тўғрисида сохта далолатнома расмийлаштирганлиги аниқланган.
Натижада иш берувчининг жавобгарликдан қутилиб қолишига
ва марҳум С.Мирзоқуловнинг оила аъзоларига тўланиши лозим бўлган 92 миллион сўм ундирилмай қолишига сабабчи бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши судда кўрилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди ҳамда жабрланувчининг оила аъзоларига тўланиши лозим бўлган товон пуллари ундириб берилди.
Шу сабабли прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Бандлик, Пенсия жамғармаси ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши билан биргаликда ушбу соҳада идоралараро ҳамкорликни тартибга солиш бўйича Қўшма кўрсатма тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди.
Мазкур кўрсатма идоралар фаолиятида тадбиқ этилиши натижасида 2022 йилда содир бўлган ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда жароҳатланиш ёки ўлим билан боғлиқ 71 та ҳодисаларнинг барчаси бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилиши, шундан 43 та ҳолат бўйича жиноят
ишлари қўзғатилиши таъминланган. Ушбу ҳодисаларда жабрланган 21 нафар фуқаро ва уларнинг оила аъзоларига 2 миллиард сўмдан ортиқ бир йўла бериладиган тўловлар ҳамда 12 та ҳолатда ойма–ой тўланиши лозим бўлган товон пуллари тўланиши таъминланган.
Корхоналарда ўтказилган қисқа муддатли текширишларда 22 нафар иш берувчилар маъмурий жавобгарликка тортилган. Давлат ва хусусий сектордаги корхоналарнинг 144 нафар ходимлари меҳнат муҳофазаси бўйича махсус ўқув курсларида ўқитилган. Мазкур соҳага бевосита масъул ходимлар ўз вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлганликлари натижасида жабрланувчи ва уларнинг оила аъзоларига тўланадиган тўловлар ўз вақтида берилмаганлиги, махсус текширувларда сохтакорликка йўл қўйилганлиги ва бошқа қўпол қонун бузилишлар юзасидан вилоят бандлик бош бошқармасига тақдимнома киритилган эди.
Тақдимномани кўриб чиқиш натижасига кўра, ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган вилоят Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Ш.Раджабов лавозимидан озод қилинган.
Зариф Комилов,
ЎзА