Меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси – устувор вазифа
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишдан асоссиз бўшатилган ходимларни ишга тиклаш ҳамда тўланмаган иш ҳақларини ундиришга оид суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг ўтган даврида ишга тиклаш билан боғлиқ 25 нафар фуқарога оид суд қарорлари Бюронинг ҳудудий бўлимларига келиб тушган бўлиб, уларнинг 21 нафари ўз иш жойига тикланган.
Шунингдек, иш ҳақи ундируви билан боғлиқ 1,8 миллиард сўмлик 50 та ижро ҳужжати бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 1,4 миллиард сўмлик 39 та ижро ҳужжати юзасидан якуний қарорлар қабул қилиниб, амалда 1,1 миллиард сўм иш ҳақи қарздорлиги ундирилган.
Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири