Айрим вилоятларда пенсия тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизими синовдан ўтказилади
Ўзбекистонда пенсия тизимида жиддий ўзгаришлар кутилмоқда. Ҳукумат қарорига кўра, эндиликда фуқароларнинг мурожаатисиз ҳам пенсия хизматлари проактив шаклда кўрсатилиб, жараёнлар соддалаштирилади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган инсон қадрига асосланган сиёсат натижасида ногиронлиги бўлган шахсларга эътибор қамрови ҳам кенгайиб бормоқда. Бунда давлат раҳбарининг уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этади. қолаверса, шаффоф тизим яратилаётгани ҳам бир қанча имкониятлар эшиги очилишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, пенсия тизими ҳам тубдан такомиллаштирилмоқда.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари белгиланди.
2026 йил 19 октябрдаги қарорга кўра, 2026 йил октябрь – декабрь ойларида тажриба-синов тариқасида Пенсия жамғармасининг қуйидаги туман (шаҳар) бўлимларидаги пенсия ва бошқа тўловларни тайинлаш ҳамда тўлаш билан боғлиқ вазифалар ҳудудий бошқармаларга ўтказилади:
Андижон вилояти – Андижон шаҳри ва Олтинкўл тумани;
Самарқанд вилояти – Самарқанд шаҳри;
Хоразм вилояти – Урганч ва Хива шаҳарлари ҳамда Шовот ва Янгиариқ туманлари;
Сирдарё вилояти – туман (шаҳар) бўлимлари.
Ҳудудий бошқармаларда ҳар бир туман (шаҳар) учун 3 кишидан иборат комиссия, туман (шаҳар) бўлимларида эса фуқароларга хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолияти ташкил этилади.
Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, қуйидаги хизматлар фуқаронинг мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда кўрсатилади:
Ногиронлик гуруҳи қайта белгиланганда ёки муддати узайтирилганда ногиронлик пенсияси тўловини давом эттириш;
I гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсияни қайта ҳисоблаш;
Оила аъзолари сони ўзгарганда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловини давом эттириш;
100 ёшга тўлган фуқароларга қўшимча тўловни тайинлаш ва тўлаш;
ID-карта муддати тугаши ёки муддатидан олдин янгиланиши муносабати билан пенсия тўловини давом эттириш.
Комиссия ариза тушгандан кейин ўн кун ичида тегишли қарор қабул қилади.
Бундан ташқари пенсия жамғармаси бир ой муддатда Ўзбекистондан ташқарида бўлган пенсионерларнинг пенсия тўловларини олиш ҳуқуқини тасдиқлашда “MyID” ахборот тизими орқали шахсни тасдиқлаш имконини яратишни мақсад қилган.
Шербек Исломов,
ЎзА